“Авлоний”

Режиссёр: Музаффар Эркинов

Сценарист: Тоҳир Малик, Муқаддас Усмонова

Оператор: Равшан Мирзакамолов

Бастакор: Қосим Муинзода

Актёрлар: Алишер Йўлдошев, Муҳаммадали Абдуқундузов, Матёқуб Матчонов, Аброр Йўлдошев, Жавоҳир Зокиров, Тоҳир Саидов

OOO"RAMZ-FILM"

Жанр: Драма

Мазмуни: 

“Авлоний” – XIX аср охири XX аср бошларида яшаб, ўша давр мамлакат ҳаётидаги энг муҳим воқеаларнинг ўртасида бўлган, халқининг маърифати, юртининг озодлиги учун қалб амрига кўра фаолият юритган инсон - шоир, драматург, режиссёр, актёр, дипломат, янги дарсликлар муаллифи, Ўрта Осиёда биринчи театр труппаси асосчиси Абдулла Авлонийнинг 1919 йилдаги Афғонистонга элчи сифатида қилган дипломатик сафари ҳақида. Мамлакатда катта ўзгаришлар рўй бераётган даврда яшаган, аввалига жадидчилар каторида бўлган Авлонийнинг кейинчалик Советлар хукуматига, янги коммунизм ғоясига асосланган тузумга, уларнинг "Озодлик! Ҳурлик! Бирлик!" деган шиорлари, ёлгон ваъдаларига асосланиб, ушбу тузумга кириши ва Афғонистонга қилинган сафар баробарида унинг ўша тузумга нисбатан пайдо бўлган қарши фикрлари, миллати ва юрти учун чин юракдан жон койитиши фильм ғояларидан биридир. Фильмда ХХ аср бошларида юз берган катта тарихий воқеа ҳақида сўз боради. 1919 йилда Омонуллохон Буюк Британиядан озод бўлган Афғонистонни мустақил деб эълон қилди. Шўро Россияси ҳукумати Европада уюштирилган бир неча инқилобий ҳаракатларнинг омадсиз кечувидан сўнг, бу йўлдаги бир восита сифатида, Шарқ билан сиёсий алоқа ўрнатишга ўз эътиборини қаратгани сабаб, Афғонистон мустақиллигини қутлов билан қарши олди. Шу муносабат билан Қобулга махсус делегация сафарбар этилди. Делегациянинг мақсади – Афғонистон билан дипломатик алоқаларни ўрнатиш, Афғонистонни афғон чегарасида инглизларга қарши ҳаракатга даъват этиш эди. Бунда Россия номидан Н.Бравин, гўёки озод Туркистон Автоном Совет Республикаси номидан Абдулла Авлоний элчи этиб тайинланди. Бир вақтнинг ўзида Қобулга Бухоро амири ва маҳаллий амалдорлар номидан Британия разведкаси томонидан ташкил этилган бошка делегация хам йўл олади. Қобулгача бўлган йўл хавфли ва оғир кечади. Йўлда отишмалар, вакола ҳайъатига қилинган суиъқасд, хоинлик ва ҳатто қурбонлар ҳам бўлади. 1930-38 йилларда Бутун Ўзбекистон бўйича 40 минг киши қатағон қилинди. Шулардан 730 нафар киши “халқ душмани” сифатида отиб ўлдирилди. Бу фильм миллат учун курашганлар хотирасига бағишланиб, 1930-38 йилларда бутун Ўзбекистон бўйича сиёсий қатағон қилинган 40 минг киши, шулардан “халқ душмани” сифатида отиб ўлдирилган 730 нафар қурбонлар орасида ўз миллати ва юртининг озодлиги учун курашган жадидлар хотирасига бағишланади.

Фильмдан кадрлар