Агентлик тўғрисида ахборот

​“Ўзбеккино” Миллий агентлиги – кино санъати ва кино-видео соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи ташкилот. Агентликнинг асосий вазифаларидан бири миллий кинони ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда юқори сифатли кино маҳсулотлари яратилишига ҳисса қўшишдан иборат.

“Ўзбеккино” Миллий агентлигига қуйидаги вазифалар ҳам юклатилган:

  • кинематография соҳасида ишлайдиган корхоналар, киностудиялар ва ижодий жамоаларни мулкчилик шаклидан қатъи назар қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик ва рақобат муҳитини шакллантириш учун қулай шароитлар яратиш;
  • миллий киночиликнинг энг яхши анъаналарини изчил давом эттириш ва бойитиш мақсадида истеъдодли ёш кино ижодкорларни тарбиялаш ва ўз ижодий салоҳиятларини намоён этишлари учун уларга кўмаклашиш;
  • Ўзбекистон Республикаси “Давлат фильм жамғармаси” фаолиятини замон талабларига мувофиқ равишда ташкил этиш;
  • танлов асосида кинофильмлар ишлаб чиқариш ва ижарага бериш тизимини такомиллаштириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, аҳолига кино ва видео хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш;
  • республика ҳудудига муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган кино ва видео маҳсулотларини ноқонуний тарзда олиб кириш, ундан фойдаланиш, ижарага бериш ва тарқатишга қарши тегишли чоралар кўриш;
  • республика ҳудудида фильмлар ва видеофильмларни намойиш этиш ҳамда техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларини, шунингдек, импорт ёки экспорт қилинаётган кино ва видео маҳсулотларни экспертиза-баҳолаш тартибини ўрнатиш;
  • кинематография соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий кино маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, хорижий кино ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ва кинематографлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, миллий кинематография маҳсулотларини халқаро кинофестивалларда тақдим этиш.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 9 мартдаги ПФ-360-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 майдаги 214-сонли Қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат кинокомпанияси (“Узгоскинокомпания”) ташкил этилди ва ушбу ташкилот Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфидан чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 29 апрелдаги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 июлдаги 247-сонли Қарорига мувофиқ Давлат кинокомпанияси (“Узгоскинокомпания”) ва Кинематографлар уюшмаси “Ўзбеккино” давлат ҳиссадорлик компаниясига айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 16 мартдаги ПФ-3407-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 мартдаги 126-сонли Қарорига биноан “Ўзбеккино” давлат ҳиссадорлик компанияси “Ўзбеккино” Миллий агентлигига айлантирилди.

 

Агентликка ҳар йили давлат бюджетидан молиялаштириладиган 15 та тўлиқ метражли бадиий фильм, 40 қисмдан иборат 20 та ҳужжатли ва илмий - оммабоп фильм, 10 та мультипликацион кинофильм, 60 соатли маънавий-маърифий, ўқув-услубий видеофильмларни ишлаб чиқариш вазифаси юклатилди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий кинокомпаниялари томонидан фильм ва видеофильмларни суратга олишга рухсат берувчи ягона давлат ташкилотидир.