04.02.2020

Расмий баёнот

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1012-сон қарори билан тасдиқланган “Фильмнинг оммавий намойишини амалга ошириш учун бир марталик рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом”га биноан, ваколатли орган – “Ўзбеккино” Миллий агентлиги тизимидаги “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонаси ҳузурида Экспертлар кенгаши ташкил этилган бўлиб, у рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан ваколатли органга тақдим этилган материал ва ҳужжатларнинг Низомда белгиланган талаб ва шартларга мувофиқлиги юзасидан хулоса тайёрлайди.
Кенгаш тавсиясига биноан ваколатли орган томонидан  оммавий намойиш учун рухсатнома расмийлаштириб берилган ва “Youtube” каналига жойлаштирилган “Шоқол” (“Ko’zgu-Film” МЧЖ) фильми юзасидан ижтимоий тармоқларда айрим фикр-мулоҳазалар пайдо бўлди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ахборот хизмати шу масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.   
Ваколатли органга ариза берувчи “Ko’zgu-Film” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Шоқол” бадиий фильми намойиши учун бир марталик рухсатнома беришни сўраб киритилган ҳужжат ва материаллар “Республика кинопрокат маркази” ДУК ҳузуридаги Экспертлар кенгаши томонидан 2019 йил 30 октябрь куни кўриб чиқилган. 
Кўриб чиқиш давомида муаллифларга фильмда йўл қўйилган бир қатор камчиликлар, айрим эпизодларда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар, жумладан, бассейнда  қизларнинг осиқ-сочиқ кийингани, йигитларнинг номаъқул шаклда ўзини тутиши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, фильм қаҳрамонларидан бири уйида базм ўтказиш жараёнида айрим аёлларнинг очиқ кийимлар кийиб туриши ва ўзини енгилтаклик билан тутиши каби эпизодлар фильмнинг бадиий-ғоявий концепциясини очиб беришга хизмат қилмаслиги ва унинг савиясини тушириб юбораётганлиги таъкидланган. 
Йиғилишда иштирок этган фильм режиссёри Зебо Наврўзова барча билдирилган фикр ва мулоҳазаларга қўшилди ва фильмни қайта ишлаб келишга ваъда берди. Фильмнинг қайта ишланган варианти Агентликка 2019 йил 9 ноябрда 5/11-сонли хат билан киритилди. Фильмнинг дастлабки варианти 100 дақиқа бўлган бўлса, қайта ишланган варианти 92 дақиқани ташкил этди. Фильмнинг иккинчи вариантида Кенгаш аъзолари томонидан кўрсатиб ўтилган барча беҳаё эпизодлар кесиб ташланган эди. 
Шундан сўнг, Кенгаш томонидан “Шоқол” фильмига рухсатнома бериш тавсия этилгани ҳақидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ваколатли органга қарор қабул қилиш учун ўрнатилган тартибда киритилди. Агентликнинг 2019 йил 21 ноябрдаги 275а-сонли буйруғига биноан давомийлиги 92 дақиқа бўлган фильмга рухсатнома расмийлаштирилди ва мурожаатчига топширилган.
Бизга келган маълумотларга кўра, режиссёр Зебо Наврўзова “Ko’zgu-Film” МЧЖ директори Қ.Файзуллаевни хабардор қилмаган ҳолда “Шоқол” фильмининг қайта ишланмаган 100 дақиқалик вариантини “Youtube” каналига жойлаштирган ва бу ҳолат жамоатчилик ўртасида бир қадар салбий фикрларни келтириб чиқарган. 
Фильм режиссёри З.Наврузова ваколатли орган ва “Ko’zgu-Film” МЧЖ раҳбари Қ.Файзуллаев томонидан амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш  ҳақида огоҳлантирилди ва қисқа муддатда фильмнинг 100 дақиқалик вариантини “Youtube” каналидан олиб ташлаб, рухсатнома берилган 92 дақиқалик вариантни қўйиш масъулиятини ўз зиммасига олган.
 “Ўзбеккино” Миллий  агентлиги  ахборот хизмати   

Бошқа янгиликлар
07.08.2020 Москвадаги Третьяков галереясида ўзбек фильмларининг намойиши бўлиб ўтади

Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Москвадаги Третьяков галереяси киномарказида ўзбек фильмларин...

06.08.2020 Тошкентда Турк дунёси ҳужжатли фильмлари фестивалини ўтказиш режалаштирилган

Жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Тошкентда Турк дунёси журналистлари Федерацияси томонидан Турк д...

06.08.2020 Ўзбек фильмлари Хитойнинг "Silk Road International Film Festival" кинофестивалида иштирок этиш учун таклиф қилинди

Ўзбек фильмлари Хитой Халқ Республикасининг нуфузли "Silk Road International Film Festival" кинофест...