Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
25 Jan 2019

1-илова

ЎзбеккиноМиллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан 2019 йилда  20 та бадиий, 50 қисмли ҳужжатли, 30 та мультипликацион, 10 соатли қисқа метражли ва юмористик киножурнал ишлаб чиқаришни режалаштирган. Ушбу режа бўйича Агентлик иқтисодиёт, сиёсат, маданият, санъат, фан, таълим ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг реал эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда давлат ижтимоий гранти асосида миллий фильмлар ишлаб чиқариш учун устувор мавзулар рўйхатини эълон қилади.

 

Бадиий, бадиий-публицистик фильмлар  учун

Устувор мавзулар

1

Милоддан аввалги  V асрда яшаган миллий қаҳрамон Широқнинг Форс империясининг подшоҳи Доро бошчилигида она юртимизга бостириб келган босқинчиларни ҳалокатга етказган қаҳрамонлиги ҳақида.

2

Ислом оламида Қуръони каримдан кейин энг мўътабар манба ҳисобланган саҳиҳ ҳадислар тўпламини тузган буюк ватандошимиз Имом Абу Исмоил Муҳаммад Бухорий (810 - 870)нинг илм йўлида чеккан машаққатлари, ёшларга ибрат бўладиган ҳаёт йўли, илмий-диний мероси, улуғ алломанинг абадияти  ҳақида.

3

Буюк саркарда ва фотиҳ жаҳонгир, Темурийлар давлатининг асосчиси Соҳибқирон Амир Темур (1336-1405)нинг ҳаёт йўли, халқни мўғул истибдодидан озод қилиш йўлидаги фидоийликлари, шахсияти ва қаҳрамонликлари ҳақида

4

 Ҳиндистонда  буюк салтанатга асос солган темурийзода шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483- 1530)нинг биографик асари ­– “Бобурнома” ҳамда ўзбек ва жаҳон ёзувчиларининг у ҳақда ёзган бадиий асарлари ҳамда бошқа тарихий манбалар асосида яратилиши мўлжалланган фильм

5

Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида келтирилган ҳикоятлар ҳамда шоирнинг ҳаётига оид биографик маълумотлар асосида бадиий-публицистик фильм

6

Ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндаси, халқ орасида “Бобо Машраб”, “Девонаи Машраб” номи билан шуҳрат топган, авлиёсифат дарвеш ва шоир Бобораҳим Машраб (1657-1711)нинг афсоналарга сабаб бўлган ҳаёт йўли ва маслаги ҳақида

7

Таваллудининг 140 йиллиги нишонланадиган маърифатпарвар шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1859-1909)нинг Ватандан айро тушган йилларидаги фожеаларга тўла ва айни дамда ибратли қисмати, шунингдек, Қўқон адабий муҳитининг бошқа намояндалари (Муқимий, Завқий, Дилшоди Барно ва бошқалар)  ҳақида.

8

Асарлари асосида суратга олинган бадиий фильмлар ўзбек киносининг олтин фондидан жой олганАбдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан буюк адибимизнинг фожеалар ва ибратларга тўла ҳаёти ҳақида

9

ХХ аср ўзбек маданий ҳаётида чуқур из қолдирган ёзувчи ва шоир, академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг шахсияти, ҳаёт йўли ҳамда биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносировага бўлган пок муҳаббати ҳақида

10

Қорақалпоқ халқ эпоси – “Қырқ қыз” (Қирқ қиз) достонининг асосий қаҳрамони саркарда Гулойим қирқ қиз ва халқ билан биргаликда Эрон подшоҳи Нодиршоҳ ҳамда қалмоқ хони Суртойга қарши жанг қилиб, мардлик ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатгани ҳақида

11

Ўқитувчининг жамиятдаги ўрни, машаққатли меҳнати, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга қаратилган бадиий фильм

12

Халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, юксак марраларга эришаётган спортчиларимизнинг матонати ва ибратга сазовор хислатлари ҳақида

13

Жамият ривожига ҳамиша тўсиқ бўлган иллат ­– порахўрлик ҳамда унинг салбий оқибатларини фош қилувчи фильм

14

Ҳуқуқ-тартибот, хавфсизлик ва адлия органлари ходимларининг кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат қуришда қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги фаолиятини ёритувчи фильм

15

Ўзбек оиласидаги ўзига хос қадриятлар, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муаммолар, ёш оилаларда тез-тез учраб турадиган келишмовчиликларнинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида ҳикоя қилувчи фильм

16

Ўзбекистондаги турли миллат ва элатларнинг ўзаро тотувликда яшаётган вакилларининг ҳаёти ва фаолияти, кўпмиллатли муҳитда тил масаласи, она тилига муносабат, тил ва жамият каби масалалар ҳақида

17

Ўзбек санъати ва маданиятининг ривожи ҳамда оламга танилиши учун ўз умрини бағишлаган маданият ва санъат ходимлари ҳақида

18

Қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб, аҳолининг фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фермер замондошларимиз ҳақида

19

Ишсизлик оқибатида бошқа юртларга иш қидириб борган юртдошларимизнинг аччиқ қисмати ҳақида

20

Лавозимидан ноҳақ бўшатилган амалдорнинг жамиятда ўз ўрнини қайта тиклаши йўлидаги можаролар ҳақида

21

Мамлакатимизнинг электр энергияси мустақиллигига эришиши йўлида қурилаётган       ГЭСлар бунёдкорлари ҳақида

22

Болалар ва ўспиринларнинг жўшқин ва беғубор оламини ёритиб берувчи бадиий фильм

23

Эл соғлиғи йўлида фидойиларча хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари ҳамда уларнинг пок номига доғ тушираётган айрим номуносиб кимсалар ҳақида

24

Миллий кураш паҳлавонлари, кураш фалсафасининг моҳиятини очиб берувчи бадиий фильм

25

Ватанимиз ҳимоясида кеча-ю кундуз кўксини қалқон қилиб турган ҳарбийларнинг ҳаёти ҳақида

26

Республикамизни катта қурилиш майдонига айлантирган бунёдкор қурувчиларнинг ҳаёти ҳақида

27

Халқаро ҳамкорлик доирасида туризм салоҳиятини юксалтириш учун чет эл киноижодкорлари билан биргаликда  бадиий фильм яратиш

 

 

 







































Ҳужжатли фильмлар учун

 

Фильм номи

Қисқача мазмуни

 

“Ватан равнақи”  рукни

 

1.

“Тиббиётдаги ислоҳотлар”

Мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласи диққат марказида турган энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Фильмда бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган биринчи тиббий ёрдам ва бу соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз боради.

2.

“Орол – дардим менинг”

Ушбу фильм Орол денгизи минтақасидаги бугунги аҳвол ва унинг экологик зарарини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳикоя қилади. Орол ҳалокатининг жаҳон ҳамжамияти томонидан ўрганилиши, БМТ миқёсида белгиланаётган тадбирлар хусусида сўз боради.

3.

“Юксак овозли бахши”

Қорақалпоғистонлик машҳур бахши Амет Тарийховнинг ҳаёти ва ижоди орқали фильмда ўлканинг бахшичилик санъати ҳақида ҳикоя қилинади.

4.

“Кўҳна Ховос”

Сирдарё қилоятида жойлашган “Кўҳна Ховос” ҳудудини туризм салоҳияти ҳақида. 

5.

“Бахтиёр  Назаров”

Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзоси, кино ва театр рассоми Назаров Бахтиёр Муҳаммаджановичнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритилади.

6.

“Самарқанд – Шарқ цивилизация гавҳари”

Самарқанд азал-азалдан Шарқ гавҳари сифатида бутун дунёга машҳур шаҳардир. Фильмда шаҳарнинг айнан Шарқ цивилицазиясидаги ўрни ҳақида ҳикоя қилинади. 

 

“Халқ фаровонлиги” рукни

 

 

7.

“Эркин иқтисодий зоналар”

Бугунги кунда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида Президентимиз ташаббуси билан кўплаб Эркин иқтисодий зоналар ташкил этилмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга, аҳолига кўплаб иш ўринларини яратилишига замин бўлмоқда. Фильм ЭИЗларнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги аҳамияти ҳақида.

8.

“Темир йўллар”

Ўзбекистон темир йўллари мамлакатимиз иқтисодиётининг қон томири бўлиб, сўнгги йилларда бу соҳада жуда катта ўзгаришлар, янги-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

9.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” рукни остида фильм

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори ­Равшанбек Қурбонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

 

“Юрт тинчлиги” рукни

 

10.

“2-жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган ҳиссаси”

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруш даврида фронтда ва фронт ортида кечган оғир ва машаққатли ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ўзида ҳар томонлама акс эттириладиган яхлит илмий-тарихий  фильм.

11.

“Оила” 

Оиланинг жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маънавий-ахлоқий қадриятларга, ота-она ва кекса авлод вакилларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, оилалар мустаҳкамлиги ҳақида ҳикоя қилувчи фильм.

12.

“Маърифат-парварлар”

Бухоролик маърифатпарвар Мусо Саиджоновнинг тақдири ва фаолияти ҳақида сўз юритилади.

13.

“Муҳофаза”

Ёшларни ёт ғояларга қарши тарбиялашга бағишланадиган, хавфсизлик хизмати ходимларининг фаолиятига  доир фильм.

 

“Миллатлараро тотувлик” рукни

 

14.

“Қардош қўшнилар”

Ушбу фильмда ўзбек халқининг қардош қўшнилари бўлган қирғиз, қозоқ, тожик, туркман ва бошқа халқлар билан ўзаро дўстона муносабатлари борасида сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб

борилаётган ислоҳотлар мисолида сўз юритилади.

15.

“Имяр Мансуров”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, рангтасвирчи рассом Имяр Идрисович Мансуров ҳаёти ва ижодий қирралари ҳақида сўз юритилади.

 

“Диний бағрикенглик” рукни

 

16.

“Ҳадис илмининг султони”

Буюк ҳадисшунос олим Имом Бухорий ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи фильм.

17.

“Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш”

Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларни таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида турли зарарли иллатлар ҳақида фильм.

18.

“Яссавий ва Сузук ота”

Яссавия тариқатининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг суюкли набираси Сузук ота (Мустафоқул) ҳазратнинг Тошкент шаҳрининг кўҳна бир маҳалласидаги мақбараси муқаддас зиёратгоҳга айлантириши ва бошқа тарихий маълумотларга асосланган фильм.

 

“Комил инсон” рукни

 

19.

“Мактабгача таълим”

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида жиддий ислоҳотлар олиб борилаётгани, хусусан алоҳида мустақил вазирлик ташкил этилгани ва соҳадаги бошқа улкан ўзгаришлар фильмда акс эттирилади.

20.

“Ал-Фарғоний”

Ўрта асрларда яшаган Марказий осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ ал-Фарғоний салмоқли ўрин эгаллайди. Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Ахмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир. Фарғонийнинг номи Хоразмий каби бутун Шарқ ва ғарбда машҳурдир. Фильм ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олимнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида.

21.

“Хоразм истеъдодлари”

Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов истеъдодли йигитларимиздан. У қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган. Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррарлиги фильмда акс этади.

22.

“Устозликда топдим қадримни”

1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилган тадбирларда “Йил ўқитувчиси” танловларида ғолиб бўлган устозлар мисолида педогоглар ҳақида фильм яратиш.

23.

“Спортчи”

Мамлакатимиз нуфузини турли халқаро спорт мусобақаларида юқори даражага кўтариб келаётган иқтидорли спортчиларимиз ҳаёти ва натижалари сири ҳақида фильм.

24.

“Чангий”

Мусиқа олими, ҳофиз, созанда Дарвеш Али Чангий ҳаёти ва ижоди ҳақида.

25.

“Имомжон Икромов”

“Муножот”, “Чўли ироқ”, “Ажам” каби чолғу куйларининг ашула йўлларини яратган атоқли бастакор, созанда Имомжон Икромовнинг ҳаёти, фаолияти ёритилади.

26.

“Имкон беринг”

Жазони ижро этиш колонияларида ўзининг жазо муддатини ўтказаётган вояга етмаган ёшларнинг пушаймонликлари ва ҳаётга қарашлари ҳақида.

27.

“Санъат Девонов”

Фильмда театр ва кино актёри Санъат Девоновнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.

28.

“Жаҳон чемпиони - Сансизбой”

Фильм Нукус Ақманғит қишлоғида туғилиб ўсган спортчи Сансизбой Юсуповнинг курашнинг самбо тури бўйича қўлга киритган ютуқлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

29.

“Эл фарзанди”

Қорақалпоғистон Республикаси давлат ва жамоат арбоби, халқимизнинг суюкли фарзанди бўлган Ражапбай Йўлдашев фидокорона фаолияти ҳақида сўз юритилади. 

30.

“Озод Шарофиддинов”

Адабиётшунос олим, танқидчи,Ўзбекистон Қаҳрамони Шарафиддинов Озод Обидович таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм.

 

“Ижтимоий ҳамкорлик” рукни

 

31.

“Мангу ёш театр”

Қорақалпоғистондаги профессионал бадиий санъат масканларидан бири – Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театридир. Фильмда ушбу театрнинг тарихи ва бугуни ҳақида ҳикоя қилинади. 

32.

“Сув – ҳаёт манбаи!”

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда сув ҳавзаларини ифлослантирмаслик ҳақида ҳикоя қилинади. 

33.

“ОИТВга қарши курашиш”

Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш     чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3493-ПҚ-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланади.

34.

“Ўзбек миллий гиламлари тарихи”

Мазкур фильмда ўзбек миллий гиламларининг юртимизда ривожланиш тарихи ва бугунги тараққиёти ҳақида ҳикоя қилинади.

35.

“Ватан бўйлаб саёҳат”

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий-маданий ислоҳотлар жараёни, шунингдек, туризм салоҳиятини намойиш этиш ҳамда тарғиб этиш, мамлакатнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга қаратилган, республиканинг ҳар бир вилоятига бағишланган туркум ҳужжатли фильмлар яратиш мўлжалланган.

36.

“Ўзбек цирки”

Фильмда Тошкент цирки тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

37.

“Худойберган Девонов”

Биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори Худойберган Девонов таваллудининг 140 йиллигига бағишланган фильм. 


                                                                                                                                                                                                                                     2-илова

ЎзбеккиноМиллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада  ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан 2019 йилда  20 та бадиий, 50 қисмли ҳужжатли, 30 та мультипликацион, 10 соатли қисқа метражли ва юмористик киножурнал ишлаб чиқаришни режалаштирган. Ушбу режа бўйича Агентлик иқтисодиёт, сиёсат, маданият, санъат, фан, таълим ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг реал эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда давлат ижтимоий гранти асосида миллий фильмлар ишлаб чиқариш учун

ижодий танлов эълон қилади!

 

ИЖОДИЙ ТАНЛОВ ТАРТИБИ

 

Кинолойиҳаларнинг мавзуси “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг 2019 йил иш режаси  учун эълон қилган устувор мавзуларга мос келиши шарт.

Мазкур танловда иштирок этишни хоҳловчи талабгорлар танлов комиссияси йиғилишида кинолойиҳани тақдимот шаклида ҳимоя қилишади.

Тақдимотда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади

3.3.1. Тўлиқ метражли бадиий фильмлар учун:

белгиланган шакл бўйича Танловда иштирок этиш учун  ариза;

адабий сценарийнинг босма варианти ҳамда  электрон варианти;

фильм аннотациясининг босма ҳамда электрон варианти;   

фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағнинг дастлабки ҳисоб-китоби;

фильмни ишлаб чиқариш бўйича дастлабки календарь-саҳналаштириш режаси;

суратга олиш учун режалаштирилган жойлар ва объектлар (локация);

фильм декорацияси ва  либослари эскизлари;

кинолойиҳанинг PowerPoint дастурида тайёрланган тақдимоти (DVD дискда).      

 Тақдимотда қуйидагилар акс эттирилган бўлиши талаб этилади:

фильмнинг концептуал ғоясини тасвирий ифода этувчи постер;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

фильмнинг асосий персонажлари роллари учун тахминий мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари.

Кинолойиҳа ижодкорлари томонидан қўшимча маълумотлар (синопсис, фотоальбом, фильмнинг тижорат самарадорлиги, халқаро доирадаги таклифлар ва ҳ.к.) тақдим этилишига ижозат берилади.

2. Қисқа метражли бадиий фильмлар учун:

белгиланган шакл бўйича Танловда иштирок этиш учун  ариза;

адабий сценарийнинг босма варианти ҳамда  электрон варианти;

фильм аннотациясининг босма ҳамда электрон варианти;

фильм ишлаб чиқариш учун сарф-харажатларнинг тахминий калькуляцияси;

суратга олиш учун режалаштирилган жойлар ва объектлар;

 кинолойиҳанинг PowerPoint дастурида тайёрланган тақдимоти (DVD дискда).      

 Тақдимотда қуйидагилар акс эттирилган бўлиши шарт:

фильм ғоясини тасвирий ифода этувчи постер;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

фильмнинг асосий персонажлари роллари учун мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

фильм декорацияси ва  либосларининг эскизлари (зарурат бўлганда);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари.

3. Ҳужжатли фильмлар учун:

белгиланган шакл бўйича Танловда иштирок этиш учун  ариза;

адабий сценарийнинг босма варианти ҳамда  электрон варианти;

фильм аннотациясининг босма ҳамда электрон варианти;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

фильм декорацияси ва  либослари эскизлари (зарурат бўлганда);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари.

4. Анимацион (мультипликацион) фильмлар учун:

белгиланган шакл бўйича Танловда иштирок этиш учун  ариза;

адабий сценарийнинг босма варианти ҳамда  электрон варианти;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

мультфильм асосий персонажларининг  эскизлари;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари.

 

Тақдим этилган кинолойиҳалар Агентлик Бадиий кенгаши низоми талаблари асосида кўриб чиқилади ва кенгаш йиғилишларида тақдимот тарзида ўтказилади.     

 

3. Ариза берувчилар фильм ишлаб чиқаришни зиммасига олган юридик шахслар фаолиятига оид қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

Охирги ҳисобот санаси учун бухгалтерия балансининг тасдиқланган нусхаси;

ҳисобот даври учун молиявий натижалар тўғрисидаги маълумотнома;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;

ҳомийлар ва инвесторлар (сармоядор) билан тузилган шартнома нусхаси ёки инвесторнинг кафолат хати (ариза берувчилар томонидан қисман молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича);

ариза берувчиларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат (вакил иштирок этган ҳолатларда).   

Ариза берувчилар танловда иштирок этиш учун тақдим қилинадиган материалларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ҳуқуқларга эга бўлишлари шарт.

Материаллар давлат тилида, ўзбек тили имло қоидаларига амалга қилган ҳолда тайёрланади.

Адабий сценарий А4 форматдаги, варақнинг бир тарафига ёзилган қоғозда тақдим қилинади. Матн ёзишда қоида тариқасида, Microsoft Word редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланилади:

варақнинг чап хошияси 30 мм, ўнг хошияси 15 мм, юқори ва паст хошияси
20 мм;

Times New Roman шрифти ва сценарийнинг ҳажмидан келиб чиқиб
14, 15 ўлчамли шрифт, қаторлараро интервал 0 мм (одинарный).

Тақдим қилинган сценарийнинг ҳар бир нусхаси тикилган, варақлари рақамланган бўлиши ва муаллифнинг имзоси ва ариза берувчининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши шарт. Электрон кўринишдаги адабий сценарий рақамли электрон ташувчи воситаларда тақдим қилиниши мумкин.

Ариза берувчилар томонидан материаллар “Ўзбеккино Миллий агентлиги Бадиий кенгашига” белгиси билан Агентликка юборилади.

 

Танловга юбориладиган бадиий, бадиий-публицистик ва ҳужжатли фильм сценарийларида қуйидаги ғоялар ишонарли ва юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:

- юртимизда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ижтимоий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган улуғвор ўзгаришлар;

- миллатимизга хос эзгу фазилатлар, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;

- ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчаларини, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран англаб етиши учун хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;

- азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оиланинг ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини эканлиги;

- ўзбек халқига хос бўлган кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш сингари эзгу қадриятлар, шунингдек нуроний отахон ва онахонларнинг  ибратли ҳаёти акс эттирилган бўлиши;

-  она Ватан ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, адолат ва эзгуликни мардона ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга муросасиз, эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд замондошлар образи ўз ифодасини топиши лозим.

 

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, асосий фаолият тури кино ва аудиовизуал асарлар яратишга ихтисослашган юридик субъектлар танловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Жисмоний шахсларнинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди ва уларнинг таклифлари кўриб чиқилмайди.

Танлов бўйича ҳужжатлар фақат давлат тилида расмийлаштирилиб, 2019 йил 29 март куни соат 18-00 гача қабул қилинади.

Муваффақиятли тақдимот қилиниб, ижобий баҳо олган кинолойиҳалар Агентлик Бадиий кенгаши қарори билан фильм ишлаб чиқаришга туширилади.

Танловга тақдим этилган сценарий тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.

Қўшимча маълумот учун телефонлар: 71-277-81-49, 71-277-81-05.

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси 1а. Инд.: 100115.

                          www.uzbekkino.uz

                                                                                                                                                                                                                                          3-илова

ЎзбеккиноМиллий агентлиги  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги  “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси тўғрисида ”ги ПҚ-4038-сон Қарорида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда миллий кинематография ва мультипликацияни ривожлантириш учун

Миллий мультқаҳрамонлар образини яратиш бўйича

Ижодий танлов эълон қилади

Танлов миллий қаҳрамонларимиз ҳамда ўзбек болажонларининг бугунги беғубор ҳаётини ифодалаб берувчи образлари асосида жаҳон андозаларига мос мультипликацион фильм яратиш мақсадида тузилади.

Танловда мулкчилик шаклидан қатъи назар анимацион фильм олиш тажрибасига эга бўлган юридик шахслар қатнашиши мумкин.

Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

белгиланган шакл бўйича Танловда иштирок этиш учун  ариза;

адабий сценарийнинг босма варианти ҳамда  электрон варианти;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

мультфильм асосий персонажларининг  эскизлари;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари.

Тақдим этилган кинолойиҳалар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгаши низоми талаблари асосида кўриб чиқилади ва кенгаш йиғилишларида тақдимот тарзида ўтказилади.     

Ариза берувчилар танловда иштирок этиш учун тақдим қилинадиган материалларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ҳуқуқларга эга бўлишлари шарт.

Материаллар давлат тилида, ўзбек тили имло қоидаларига амалга қилган ҳолда тайёрланади.

Тақдим қилинган сценарийнинг ҳар бир нусхаси тикилган, варақлари рақамланган бўлиши ва муаллифнинг имзоси ва ариза берувчининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши шарт. Электрон кўринишдаги адабий сценарий рақамли электрон ташувчи воситаларда тақдим қилиниши мумкин.

Ариза берувчилар томонидан материаллар “Ўзбеккино Миллий агентлиги Бадиий кенгашига” белгиси билан Агентликка юборилади.

Танлов бўйича ҳужжатлар фақат давлат тилида расмийлаштирилиб, 2019 йил 29 март куни соат 18-00 гача қабул қилинади.

Танловга тақдим этилган сценарий тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.

Қўшимча маълумот учун телефонлар: 71-277-81-49, 71-277-81-05.

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси 1а. Инд.: 100115.

                          www.uzbekkino.uz

 


Manba: не указан
Просмотров: 322
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech