Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
8 Apr 2019

  2019 йил 8 апрель  куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ходимлари, киноижодкорлар, таниқли кинорежиссёрлар, киношунослар, давлат ва хусусий киностудиялар вакиллари иштирок этишди.

    Матбуот анжуманини “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фурқат Зокиров очиб берди. Шундан сўнг Агентлик Бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев “Бадиий фильмлар, шунингдек, ҳужжатли ва мультипликацион фильмларнинг ҳажмини ошириб бориш ва сифат жиҳатидан юксак даражага кўтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”, “Республика Кинопрокат маркази” Дук директори Маъруф Мухторов “Республикада ягона  кинопрокат тизимини жорий этиш, ҳудудларда намойиш этилган ва этилаётган фильмлар тўғрисида” маъруза қилишди.  Улар ўз нутқида давлатимиз томонидан кинематографияни ривожлантиришга берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.

       Дарҳақиқат, ўзбек киноси ривожланишнинг янги палласига кириб, замон билан ҳамнафас илгарилаб бориши учун қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 7 августда “Миллий кинематографияни янада  ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сон ҳамда 2018 йил 24 июлда “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3880-сонли  иккита Қарор имзоланди. Мазкур қарорлар ижроси юзасидан мамлакатда кино саноатини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар муайян ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Ҳисобот даврида 32 марта Бадиий кенгаш йиғилиши ўтказилди. 39 та бадиий фильм, 48 та ҳужжатли фильм, 19 та мультипликацион фильм, 14 та қисқа метражли фильм кинолойиҳалари ўқиб-ўрганиб муҳокама этилди. Шулардан, 27 та бадиий фильм,  46 та ҳужжатли фильм, 10 та қисқа метражли фильм кинолойиҳалари ижобий баҳоланиб, ишлаб чиқаришга туширилди. 19 та бадиий фильм, 40 та ҳужжатли фильм, 8 та мультфильм, 2 та қисқа метражли фильм тайёрланиб, Бадиий кенгаш эътиборига ҳавола этилди. Ўтган давр ичида “Зумраша” болалар юмористик киножурналининг 11 та тўплами тайёрланди.

  Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг реал эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда давлат маблағлари асосида миллий фильмлар ишлаб чиқариш сифат кўрсаткичларини ҳам яхшилашга ҳаракат қилинмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ХХ аср бошида яшаб ўтган хоразмлик ислоҳотчи вазир  ҳақида “Исломхўжа”, буюк муҳаддис бобомиз ҳақида “Абу Исо Муҳаммад Термизий”, мўғул босқинига қарши курашган аждодларимиз ҳақида “Элпарвар”, буюк ёзувчи Саид Аҳмаднинг қисмати ҳақида “Саид билан Саида”, ўзбек халқининг иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонлиги ҳақида “Берлин-Оққўрғон” каби тарихий мавзудаги бадиий фильмлар томошабинларга тақдим қилинди. Жалолиддин Мангуберди,  Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия,  Умархон ва Нодирабегим, Абдулла Авлоний ҳақидаги фильмларнинг тасвирга олиш ишлари жадал давом этмоқда. Замондошларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Иссиқ нон”, “Сарвқомат дилбарим”, “Ҳаёт”, “Тинчлик ортида”, “Опа”, “Парвоз” каби фильмлар ҳам ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 272-сон қарорига асосан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги тизимида “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлаш, республика кинопрокат тизимини самарали ташкил этиш, вилоятларда, айниқса чекка ҳудудларда кинонамойишларини тизимли амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил
24 июлдаги 3880-сон қарорига асосан “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари негизида Республика кинопрокат маркази давлат унитар корхонасининг филиаллари ташкил этилди. Бу билан, собиқ ҳудудий бўлимларнинг фаолияти оптималлаштирилиб, фильмлар прокатини амалга оширувчи ягона тизимга бирлаштирилди. Ҳозирги кунда, Республика кинопрокат маркази ҳудудлардаги филиаллари орқали фильмлар прокатини мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида тизимли амалга ошириб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йили 18 майдаги 372-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган “2018-2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш дастури”га асосан барча вилоятларда Ўзмиллийбанкнинг кредит маблағлари ҳисобига 25 та бир этажли, 12 та икки этажли ва 12 та очиқ (ёзги), жами 49 та замонавий кинотеатрлар тадбиркорлар томонидан қурилмоқда. Шулардан, ҳозирги кунда 2 таси қуриб битказилган бўлиб, қолганлари 2019 йилнинг якунига қадар топширилиши режалаштирилган.

“Республика кинопрокат маркази” Давлат унитар корхонаси кинопрокат фаолиятини 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, 2019 йилнинг 1-чораги давомида “Исломхўжа”, “Сарвқомад дилбарим”, “Ҳаёт”, “Берлин-Оққўрғон”, “Тинчлик ортида”, “Парвоз”, “Иссиқ нон”, “Опа” ва “Элпарвар” номли давлат фильмлари ҳамда 6 та хусусий киностудиялар фильмлари намойишини Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги филиаллари орқали амалга оширди.

Ҳозирда “Элпарвар” ва “Шоду-хуррамлик” фильмларнинг кинопрокати давом эттирилмоқда. “Ҳаёт”, “Берлин оққўрғон”, “Опа”, “Парвоз”, “Иссиқ нон” фильмларининг намойишлари жойларда буюртма асосида ташкил қилинмоқда.

Май ойидан бошлаб, “Саид ва Саида” ва “Абу Исо Мухаммад Ат-Термизий” бадиий фильмларини прокат қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.

“Республика кинопрокат маркази” жорий йилнинг 18-21 март кунлари Гонконгда ўтказилган Осиё қитъасидаги энг йирик “FILMАRT” кино ва телевизион маҳсулотлар кинобозорида биринчи марта “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан ишлаб чиқарилган 14 та давлат ва 1 та хусусий фильмлар билан иштирок этди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

 

Manba: не указан
Просмотров: 101
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech