Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
24 Oct 2019
Бугун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги биносида Агентлик ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчанов ҳамда таниқли киношунос ва режиссёрлар иштирок этишди. 

Ташкил этилиши кўзда тутилаётган Жамоатчилик кенгаши Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини шаффоф ва очиқлик тамойиллари асосида ташкил этиш, коррупцияга қарши курашни самарали олиб бориш, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг тўғри сарфланишини назорат қилиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш каби жараёнларни амалга оширади. Йиғилишда кенгашнинг шу каби вазифалари, кўзланган мақсадлар ҳақида гапирилиб, йиғилганларнинг бу борадаги таклиф-мулоҳазалари тингланди. 

Ўзбеккино Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов Жамоатчилик кенгаши тўғрисида гапирар экан, унинг энг бирламчи вазифаси шаффофлик ва очиқликни таъминлаш эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 – “Ўзбеккино” раҳбарияти киноижодкорлар билан доимий равишда ҳамкорликда иш олиб боришни мақсад қилди. Тизимда янгича, фойдали ислоҳатларни амалга ошириш лозим. Бундан кейин ушбу кенгаш орқали “Ўзбеккино”да бўлаётган барча ишлар халқимизга очиқ, шаффоф тарзда етказилади. Фаолиятимиз борасида билдирилган керакли таклифлар ўртоқлашилади, камчиликлар тузатилади. “Сарфланаётган ҳаражатлар қандай оқланяпти”, каби саволлар очиқ қолмайди энди. Кенгаш аъзолари орасида ёш кинорежиссёрлар, продюсерлар, рассомлар ва бошқа киноижодкорларнинг бўлиши унинг иш самарадорлигини оширади. Кенгашга аъзо бўлган кино ижодкорларга алоҳида ваколатлар беришни ҳам ўйлаяпмиз. Кенгаш аъзолари ва кино ижодкорлар  мунтазам йиғилишиб туришимиз зарур. Энг муҳими, ҳар биримиз ўз вазифамизни тўғри англаб, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳалол, шаффоф  тарзда ишлашимиз керак, - дейди Фирдавс Абдухолиқов.

Жамоатчилик кенгаши зиммасига Агентлик ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, Агентликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш каби вазифалар қўйилади.
Manba: не указан
Просмотров: 29
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech