Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
16 Dec 2019

 “Дилшоҳ медиа” киностудияси раҳбари, продюсер Маҳмуд Эркабоев ва режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган “Қўқон шамоли” тарихий фильми кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Фильм режиссёри Дилмурод Масаидов фильмни яратиш ғояси ҳақида гапирди:

– Ёшлигимдан тарих, адабиёт фанларига қизиқишим жуда баланд бўлган, аъло баҳоларга таҳсил олганман. Шу боис тарихий асар яратиш менинг орзум эди. Бир неча йиллар олдин Соҳибқирон Амир Темур ҳақида кино олишни ният қилганман. Аммо айрим сабабларга кўра, ниятим амалга ошмай қолган. Кейинчалик «Ўзбеккино» Миллий агентлиги вакиллари бир ссенарийни қўлимга тутқазишди. Бу – «Айбсиз айбдор ёхуд Амирий» номли сценарий эди. Ўқиб чиққач, у менга ёқиб қолди ва кино олишга киришдим. Жараёнда номини «Қўқон шамоли» дея ўзгартирдик. Сабаби, Қўқон тарихида айни шундай атама бор: Қўқондаги ижтимоий-сиёсий даврга «Қўқон шамоли», дея таъриф берилган. Филмда 1809 йилларда Қўқон хонлигидаги ижтимоий-сиёсий ҳолат, Қўқон хони Амир Олимхон ўлдирилиб, унинг укаси Умархоннинг тахтга келиши воқеалари акс этган. Шунингдек, картина ўша давр Қўқон хонлигидаги таҳликали вазият, саройдаги фитна-фасод, ғаразликлар ва уларга қарши курашган эзгу ниятли кишилар тақдиридан ҳикоя қилади.

Картинага бош рол ижрочиларини танлашда янги қиёфаларни топишга интилдик. Умархон образини яратган Илҳом Бердиев ҳамда Моҳларойим образига танланган Райҳон Асадова, ўйлайманки, биз кутган янги қиёфани ярата олишди. Аммо улар бу филмга қадар кўп ҳам бош ролларни ижро этишмаган. 2018 йилнинг июл ойларида ижодий жамоани тузиб, иш бошлаган бўлсак, мана, бир йилдан ортиқроқ муддатда кино тайёр бўлди.. Катта бир жамоа қаттиқ меҳнат қилди. Умуман, камчиликлардан холи, дунёнинг энг олди киноси бўлди, дейиш фикридан йироқман. Ҳаттоки, тасвирга олиш жараёни тугагач, баъзи кадрларни кинодан қирқиб ҳам ташладик. Томошабинга ишимизнинг энг мукаммал нуқталарини тақдим этишга ҳаракат қилдик.

ҚИЗИҚ ФАКТ: Фильмдаги Нодирабегим роли учун элликдан ортиқ, Амир Умархон роли учун ўттиздан ортиқ, Амир Олимхон роли учун эса ўттизга яқин актёр ва актрисалар кастинг топширган.

Manba: не указан
Просмотров: 127
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech