Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
9 Jan 2020

“ЎЗБЕККИНО” Миллий агентлиги буюртмасига асосан “EZGU-FILM” студияси томонидан суратга олинаётган, II Жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “ИЛҲАҚ” тарихий бадиий фильми реал воқеалар асосида ишланмоқда.

 

 Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг ушбу янги картинасида Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, Хонобод қишлоғилик Зулфия ая Зокирова тақдири хусусида ҳикоя қилинади.

 

 Зулфия аянинг беш ўғли: Холматов Исоқжон, Холматов Аҳмаджон, Холматов Муҳаммаджон, Холматов Ваҳобжон, Холматов Юсуфжонлар урушдан қайтмаган. 

 

Муҳаммаджон 1941 йилнинг июлида, Аҳмаджон ундан бир ой кейин фронтга кетади. Кузга бориб Ваҳобжон билан Юсуфжонни ҳам кузатишади. Энг охирида, 1944 йилнинг март ойида Исоқжон жўнаб кетади.

 

Бирин-кетин ҳамма ўғилларидан қора хат келади. Ая айниқса кенжаси Юсуфжон учун қаттиқ куюниб ўтган экан. Чунки фақатгина Юсуфжон ҳали уйланмаган, ундан зурриёд қолмаган эди. Қишлоқдошлардан кимнингдир боласидан қора хат келса, уни ”сени битта боланг ўлди, қаддингни тут, ана Зулфия беш паҳлавонидан айрилиб ҳам сабр қилаяпти”- деб бир-бирларига таскин беришаркан. 

 

Урушдан сўнг ая келинларига “ҳоҳласанглар турмуш қилинглар”- деган, аммо келинлари рад қилишган экан. Келинлар жуда эрта, ёш бева қолган бўлсаларда, бир умр эрларига садоқатда, Зулфия аянинг бағрида яшаб ўтишган.

 

Кейинчалик Зулфия аянинг ўғилларидан фақат иккитаси хақида маълумот чиқади. Муҳаммаджон Холматовдан келган йўқолган «қора хат» топилиб,  у 1945 йил 24 февраль куни Польшанинг Вембрандава районида ҳалок бўлгани ва ўша ерга дафн қилингани, кенжа ўғил Юсуф Холматов эса танкчилар командири бўлганлиги, Ленинград қамалини ёриб ўтиш учун бўлган жангларнинг бирида танки ёниб кетиб, оғир яраланганлиги, госпиталда вафот этганлиги маълум бўлади. Юсуф Холматов  Пискарев қабристонига дафн этилган экан. 

 

"Илҳақ" бадиий фильми ушбу аянчли тақдирлар ҳақида.

 

Аввал хабар берганимиздек, Жаҳонгир Аҳмедовнинг "Илҳақ" бадиий фильмининг бир қисми "Белорусфильм" билан ҳамкорликда суратга олинади.

 

Manba: не указан
Просмотров: 146
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech