Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
20 Feb 2020

Навоий вилоятида жойлашган Сармишсой тарихий обидаси ҳамда улуғ шоир Алишер Навоий тўғрисида бадиий фильмлар суратга олинади. Бу ҳақида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухаликовнинг Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов билан учрашувида маълум қилинди.

 Вазирлар Маҳкамасида 2019 йил 10 декабрда ўтказилган йиғилиш баёни ижросини таъминлаш, вилоятлар билан ҳамкорликда бадиий, ҳужжатли фильмларни суратга олиш ишларини муҳокама қилиш, жойлардаги кинотеатрлар аҳволи билан яқиндан танишиш каби масалаларни ҳал этиш учун "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухаликов Навоий вилоятига хизмат сафарини амалга оширди.

 Дастлаб Фирдавс Абдухаликов Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов билан учрашди. Учрашув давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидаги топшириқ ва  вазифалар ижроси, бугунги кунда Навоий вилоятида кинотеатр ва кинозоналар қурилиши, Навоий вилояти билан ҳамкорликда бадиий ва ҳужжатли фильмларни суратга олиш ишлари муҳокама қилинди.

 “Навоий вилоятида янги кинотеатрлар сонини кўпайтириш лозим. Тарихий мавзуда ҳамда замон қаҳрамони акс эттирилган фильмлар яратишда вилоят билан ҳамкорликни йўлга қўямиз. Ҳамкорликда Сармишсой тарихий обидаси ҳамда улуғ шоир Алишер Навоий тўғрисида бадиий фильмлар суратга оламиз”, деди "Ўзбеккино" раҳбари Фирдавс Абдухаликов.

 Шунингдек, вилоятдаги мавжуд кинотеатрларнинг моддий техника таъминоти ва бугунги аҳволи ўрганилди.

 Вилоят ҳокимлиги томонидан вилоятда замонавий андозаларга жавоб бера оладиган 500 ўринли кинотеатр қурилиши режалаштирилаётгани таъкидланди.

 

Manba: не указан
Просмотров: 315
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech