Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
17 Jun 2019

Ўзбекистонлик киноижодкорлар шу кунларда Японияда кино соҳасидаги ҳамкорликни давом эттиришиб, япон халқи билан турли ижодий учрашувларда иштирок этишмоқда. Ўзбек киноижодкорларини Япониянинг Нарита аэропортида Жейсон Грея, Эйко Мизуно-Грея ва  Иззатилла Ғуломов ва бир гуруҳ япон дўстларимиз кутиб олишди.

Кўпчилик киномухлисларимизга маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3509-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йили Ўзбекистонда Япониянинг LOADED FILMS LTD компанияси билан ҳамкорликда бадиий фильм суратга олинган эди. Ўзбекистон ҳудудида суратга олинган ушбу  тўлиқ метражли бадиий фильм  муаллиф ва режиссёр Киёси Куросаванинг “На край света” сценарийси асосида яратилган. Бугунги кунда ушбу фильм “Дунёнинг бир чеккаси” деб номланиб, Токионинг бир нечта  кинотеатрларида тақдимот маросими юқори савияда ўтказилди. Тадбирларда япониялик ижодий гуруҳ билан бирга Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Феруза Тўрахўжаева, киноактёр Адиз Ражабов ҳам иштирок этишди. Таъкидлаш лозимки, таниқли, ёш киноактёр Адиз Ражабов ушбу фильмда асосий роллардан бирини ижро этган.  Учрашувлар 15 июнь куни Токионинг Синдзюку  кинотеатрида япон-ўзбек киноижодкорлари билан ғамкорликда суратга олинган “Дунёнинг бир чеккаси” бадиий фильмини намойиш этиш билан бошланди. Шундан сўнг япониялик журналистлар ва ОАВ ходимлари билан “Crank in” интернет-нашриётида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда фильм ижодкорларидан Киёси Куросава, Ацуко Маэда, Рё Касэ, Шота Сометани, Токио Эмото ва Ўзбекистонлик делегация вакиллари иштирок этишди. 16 июнь куни эса “Euro Space Shibuya”,  3F Кинохаус,  Кино Йокогама, Минато Мирай саҳнасида ҳам фильм намойиши ва намойишдан  сўнг учрашув ўтказилди.  Шундан сўнг Япониядаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан меҳмонлар шарафига тадбир уюштирилди.  Тадбирда Цутая Гиндза ва Марико Сисидо билан суҳбатлар қизғин бўлди.

Айниқса, Токионинг машҳур Гинза кўчасида жойлашган Сутая кутубхонада Адиз Ражабов иштирокида ижодий учрашув жуда кўтаринки руҳда ўтказилди. Кутубхонада  Ўзбекистон, унинг маданияти, ананалари, санъатига оид махсус жой борлиги ватандошларимизни жуда хурсанд қилди. Фильм тақдимотидан сўнг бўлиб ўтган бу учрашувда япон томошабинлари Ўзбекистон ҳакида кўплаб саволлар беришди. Уларни купроқ юртимизнинг тарихий обидалари, таомлари, урф-одатлари қизиқтирди. Томошабинлар Ўзбекистонга ташриф буюриб,   маданиятимиз, ананаларимиз билан яқиндан танишиш истагини билдиришди.  Шунингдек, тарихи қадим юртимизнинг сайёҳларни қизиқтира оладиган манзиллари кўплигига ҳам алоҳида урғу берилди.  Жумладан, япон киноихлосмандлари томонидан “Ўзбекистоннинг чиройли жойлари фильмда  карийб кўрсатилмаган. Нима учун?”- деган саволига  “- Куросава жаноблари ўз олдиларига ялтироқ фильм суратга олишни мақсад қилмаганлар. Ўзбекистон одамларининг оддийлиги,  камтарлиги  билан ҳам гўзал!”- деб жавоб берди киноактёр Адиз Ражабов.

Manba: не указан
Просмотров: 242
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech