Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
23 Jan 2020

23 январь куни соат 15:00да "Ўзбеккино" Миллий агентлиги биносида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ёш киноижодкорлар билан ижодий учрашув ўтказди. Учрашувда ёш киноижодкорлар, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

“Эндиликда бу каби учрашувлар тез-тез ташкиллаштирилиб турилади. Биз сиз каби ёш истеъдод эгаларининг таклифларини ва муаммоларини тўғри англаган ҳолда, ҳар тарафлама ёрдам беришга, сизларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз!  Мен ўйлайманки сиз каби ижодга ташна ёшларни қўллаб-қувватласак, муаммоларингизни ўргансак ва ҳал қилишда ёрдам берсак, бирлашсак, истеъдодингизни намоён этишингиз учун имкониятлар яратсак, эртага миллий киномизни жаҳон экранларига олиб чиқишингиз учун замин яратган бўламиз”, дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Учрашувда ўзбек киносининг келажаги ёш киноижодкорлар экани таъкидланди, кинематографияга кириб келадиган ҳар бир янги авлод миллий кинони ўз услуби, ўз қараши билан янгилаши лозимлиги айтилди. Ёш киноижодкорлар ўз таклифларини, фикр ва мулоҳазаларини билдиришди, ёш киноижодкорларнинг ўз истеъдодини кўрсатишга тўсиқ бўладиган муаммоларни айтиб ўтишди.

“Агентлик ҳузуридаги Ёшлар ижодий-тажриба студияси ўзига хос бир мактаб бўлиб, ёш киноижодкорларнинг шаклланишида алоҳида ўрин тутади. Лекин ушбу студияда ёшларга билим берадиган, тажриба алмашадиган шароитлар йўқ эди. Бир неча ой олдин бўлиб ўтган  “Миллий кино ва ёшлар” мавзусидаги форумда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратган эдик. Бугун ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз. Агентлик биносининг бўш ётган подвал қисмида ёшлар ижодий лабораторияси ташкил этилди. Замонавий компьютер ва бошқалар билан жиҳозланиб, барча шароитлар яратилди.  Биз бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз”, деб таъкидлади Агентлик раҳбари. 

“Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Бутунроссия давлат кинематография институти ва кинематография соҳасидаги халқаро таълим муассасаларига  10 нафардан,  “Мосфильм” Киноконцернига 20 нафар ходим ва мутахассисларни юбориш режалаштирилган. Жорий йилнинг  биринчи чорагида Ҳиндистоннинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида 15 нафар ўзбекистонлик ёш киноижодкорларни Ҳиндистонда кино соҳасида малака оширишга юборишга келишилган ва айни пайтда талабгорларни саралаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, туркиялик киноижодкорлар ёрдамида суратга олинаётган “Жалолиддин Мангуберди” бадиий фильмини тасвирга олиш жараёнида иштирок этиши учун қобилиятини намоён эта олган режиссёр, оператор, овоз оператори-монтажёр ҳамда гримёрлардан иборат 4 кишилик ижодий  гуруҳ Туркияга, хизмат сафарига юборилади.

Ёшлар ижодий лабораториясининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 600 млн. сўм қўшимча маблағ ажратилмоқда. Келажакда ёш киноижодкорларнинг “Ёшлар кинолабораторияси”да замон қаҳрамонлари акс этган қисқа метражли ва бадиий фильмлар, сериаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Manba: не указан
Просмотров: 145
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech