Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
18 Jun 2019

      2018 йили Ўзбекистонда Белоруссия киноси кунлари ўтаётган пайтда икки давлат кино мутахассислари аввалги муносабатларни қайта тиклаш ва ҳамкорликда бадиий фильмлар суратга олиш вақти етди, деган қарорга келишган эди. Шу сабабли жорий йилнинг июнь ойида “Ўзбекфильм” киностудияси раҳбарияти Белоруссиянинг Минск шаҳрида “Беларусьфильм” киностудияси раҳбарлари билан учрашиб, ҳамкорлик ҳақида меморандумни имзоладилар.

       2019 йил 11 июнь куни Белоруссиянинг Минск шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда икки киностудияларнинг ҳамкорлиги ҳақидаги меморандум имзолангач, Ўзбекистон ҳамда Белоруссия киноусталари томонидан Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “Ойжамол” номли бадиий фильм суратга олиниши режалаштирилди.

        “Ойжамол” деб номлаган мазкур фильм сценарийси Баҳодир Умурзоқовнинг ҳужжатли романи асосида ёзилган бўлиб, унда оддий қишлоқ аёлининг ҳаёти акс этади. Фильм воқеалари 1935 – 1991 йилларни ўз ичига қамраб олиб, ўтмишдаги қатағон замонлари ва Иккинчи Жаҳон уруши даврида ўзбек халқининг турли қийинчиликларга қарамай, Буюк Ғалаба учун тинмай меҳнат қилгани, фронтларда эса ўзбек ўғлонларнинг жасоратлари ҳақида ҳикоя қилади.

         Мазкур фильм реал воқеаларга асослаган бўлиб, суратга олиш ишлари асосан Ўзбекистон ва Белоруссиянинг  қишлоқ ва павильонларида, ўрмон ва ботқоқларида амалга оширилиб, жанг саҳналари Белоруссияда суратга олинади. Бу фильм кино соҳасидаги икки давлат ҳамкорлигининг дебочаси бўлиб, келгусида ҳужжатли ҳамда анимацион фильмлар ҳам суратга олиниши кўзда тутилди. Ушбу меморандум икки давлат киночилари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

         Режага кўра, шу йилнинг октябрь-декабрь ойларида суратга олиш ишлари “Беларусьфильм”да  амалга оширилиб, сўнг асосий ишлар Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтади. “Ойжамол” фильмининг икки давлатдаги илк намойиши 2020 йили май ойларида, “Хотира ва Қадрлаш” кунига бағишлаб ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Manba: не указан
Просмотров: 242
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech