Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

   2019 йил 8 апрель  куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмларнинг савиясини ошириш ҳамда сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш бўйича белгиланган чора-тадбирлар”  мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ходимлари, киноижодкорлар, таниқли кинорежиссёрлар, киношунослар, давлат ва хусусий киностудиялар вакиллари иштирок этишди.

    Матбуот анжуманида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фурқат Зокиров,  Бош директорнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаевларнинг нутқларида давлатимиз томонидан кинематографияни ривожлантиришга берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтилди.

Ўзбек киноси ривожланишнинг янги палласига кириб, замон билан ҳамнафас илгарилаб бориши учун қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 7 августда “Миллий кинематографияни янада  ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сон  ҳамда 2018 йил 24 июлда “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3880-сонли  иккита Қарор имзоланди. Мазкур қарорлар ижроси юзасидан мамлакатда кино саноатини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар муайян ижобий натижаларга эришиш имконини берди.  Ҳисобот даврида 32 марта Бадиий кенгаш йиғилиши ўтказилди. 39 та бадиий фильм, 48 та ҳужжатли фильм, 19 та мультипликацион фильм, 14 та қисқа метражли фильм кинолойиҳалари ўқиб-ўрганиб муҳокама этилди. Шулардан, 27 та бадиий фильм,  46 та ҳужжатли фильм, 10 та қисқа метражли фильм кинолойиҳалари ижобий баҳоланиб, ишлаб чиқаришга туширилди. 19 та бадиий фильм, 40 та ҳужжатли фильм, 8 та мультфильм, 2 та қисқа метражли фильм тайёрланиб, Бадиий кенгаш эътиборига ҳавола этилди. Ўтган давр ичида “Зумраша” болалар юмористик киножурналининг 11 та тўплами тайёрланди.

Бу ишларни амалга ошириш, яъни миллий кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 2018 йилда  давлат бюджетидан жами
33,6 млрд сўм маблағлар ажратилди (2017 йилда – 12,2 млрд сўм). Ажратилган маблағ  2017 йилга нисбатан 2,7 баробар кўп бўлиб, 2019 йилда бу нисбат янада кўпайиши режалаштирилмоқда.

  Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг реал эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда давлат маблағлари асосида миллий фильмлар ишлаб чиқариш сифат кўрсаткичларини ҳам яхшилашга ҳаракат қилинмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ХХ аср бошида яшаб ўтган хоразмлик ислоҳотчи вазир  ҳақида “Исломхўжа”, буюк муҳаддис бобомиз ҳақида “Абу Исо Муҳаммад Термизий”, мўғул босқинига қарши курашган аждодларимиз ҳақида “Элпарвар”, буюк ёзувчи Саид Аҳмаднинг қисмати ҳақида “Саид билан Саида”, ўзбек халқининг иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонлиги ҳақида “Берлин-Оққўрғон” каби тарихий мавзудаги бадиий фильмлар томошабинларга тақдим қилинди. Жалолиддин Мангуберди,  Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия,  Умархон ва Нодирабегим, Абдулла Авлоний ҳақидаги фильмларнинг тасвирга олиш ишлари жадал давом этмоқда. Замондошларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Иссиқ нон”, “Сарвқомат дилбарим”, “Ҳаёт”, “Тинчлик ортида”, “Опа”, “Парвоз” каби фильмлар ҳам ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech