Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

          12-13 апрель кунлари Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Мазкур маданий тадбир доирасида бир қатор тадбирлар, хусусан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан “Тожикистон кино кунлари” Алишер Навоий номли киносаройда ташкил этилди ҳамда тожик фильмлари намойиши бўлиб ўтди. 

        Тадбирнинг  тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан “Ўзбеккино” МА Бош директорининг биринчи ўринбосари Шухрат Ризаев ва Тожикистон Республикаси “Точикфильм” киностудияси директор ўринбосари Толиб Рахматуллоев ўзбек ва тожик киноусталари ўртасида азалдан ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилгани, икки мамлакатнинг таниқли киноактёрлари иштирокида қатор фильмлар суратга олинганлиги ва улар ҳамон севиб томоша қилинишини таъкидладилар. Томонлар Тожикистон маданият кунлари, хусусан тожик киноси фестивали соҳадаги ушбу ҳамкорлик бундан буён ҳам мустаҳкамланишига ва ривожланишига ишонч билдирдилар. 

                Ўзбекистонда ўтаётган икки кунлик Тожикистон кино кунлари доирасида тўртта фильм тақдим этилди. Ушбу картиналар таниқли кинорежиссёрлар Далер Рахматов “Воздушный Сафар” (“Сафар хаёлпараст”),   Руми Шоазимов “Сон обезьяны” (“Маймуннинг туши”), Мухиддин Музаффар “Теснина”, Файзулло Фаёз “Такси” каби фильмларидир.

***

 

«Воздушный Сафар» («Сафар хаёлпараст») бадиий фильми

                 Далер Рахматовнинг  «Воздушный Сафар» («Сафар хаёлпараст») бадиий фильми комедия жанрида суратга олинган. Картинада подачи Сафарнинг хаёлпарастлиги, ҳар доим ҳаётидан нолиб юриши ва ўзининг Рембо лақабли кучуги билан дардлашиб ўтиришини кўрамиз. Атрофдаги инсонлар уни омадсиз хаёлпараст ҳисоблашади ва уни Сафар хаёлпараст деп чақирашади.

         Фильмда Сафарга эгизак каби қиёфадош француз талабаси Жан ёзувчи Жюль Верннинг романини ўқиб, ўзининг муаммоларидан қочгиси келади ва саёҳатга отланади. Жан ўзининг ҳаво шарида учиб Марказий Осиёга келиб қолади. Тўсатдан бир кун, кутилмаганда хаёлпараст Сафар ва талаба Жаннинг йўллари туташади, уларнинг қиёфалари шу қадар ўхшашликларидан тақдирлари батамом ўзгариб кетади.

 

«Сон обезьяны» “Маймуннинг туши” бадиий фильми

          Режиссёр Руми Шоазимовнинг  «Сон обезьяны» “Маймуннинг туши” нуар жанрида бўлиб, Уильям Жейкобнинг «Обезьянья лапка» мотиви асосида суратга олинган. Фильмда маймун панжаси сеҳрли бўлиб, учта тилакни табиий равишда амалга оширади. Аммо эвазига у кимнинг тилагини амалга оширса ўша инсоннинг энг қимматли бўлган нарсасини олиб кетади       .

      Фильмда динга бўлган бағрикенглик, инсонийлик ҳис-туйғуларини, қийин вазиятларда одамларнинг асл юзини очилиб қолишини кўриш мумкин. Бу фильм фалсафий мазмунга бой бўлиб, барча ёшдаги томошабинлар учун  тавсия этилади.

 

“Теснина” бадиий фильми

      Режиссёр Мухиддин Музаффарнинг “Теснина” бадиий фильми онасидан эрта айрилган боланинг изтироблари ҳақида. На камбағал, на бойларга ажратиладиган қабристонда онасини эслаб ҳар кун йиғлайди, ҳар кун бўзлайди. Отасининг бошқа аёлга уйланишидан азобланади. Боланинг кўнглини олиш учун устозлари ҳам курашади. Оқибат бола онаси руҳи учун азоб чекмаслик кераклигини тушуниб етади. Онаси ётган жойни обод қилади. Фильм болаларни  онанинг қадрига етишга чақиради.

 

“Такси” бадиий фильми

         Режиссёр Файзулло Фаёзнинг “Такси” бадиий фильмидаги  ҳайдовчи нафсга балосига учиб, ўғирланган қизчани манзилга етказиб қўйиш учун йўлга чиқади. Фильмнинг асосий қисми йўлда ҳайдовчининг нафс ва виждони ўртасидаги курашида кечади. Қизалоқнинг инграшларига қарамай, уни белгиланган манзилга олиб боради, текширувлардан ҳам ўтади, аммо  виждон сўроғидан ўтолмайди. Қизчани озод қилади ва бунинг оқибатида ўзи ҳалок бўлади. Фильм ҳар доим виждонга қулоқ тутиб иш тутиш кераклигини уқтиради.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech