Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“ЎЗБЕККИНО” МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ ТОМОНИДАН КАНН-2019 КИНОФЕСТИВАЛИНИНГ ЯКУНЛАРИ ВА “ҚОР ЁҒМОҚДА ОППОҚ ҚОР...” БАДИИЙ ФИЛЬМИНИНГ ЁПИҚ НАМОЙИШИ ҲАҚИДАГИ МАТБУОТ АНЖУМАНИ УЧУН ПРЕСС-РЕЛИЗ

 

Жорий йилнинг 31 май куни  куни соат 10:00 да “Ўзбеккино” Миллий агентлиги мажлислар залида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан миллий кинематография санъатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, халқаро ҳамкорликдаги Канн-2019 кинофестивалининг якунлари ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгашининг 2018 йил 4 майдаги 007/18-07 сонли мажлис баёни қарорига асасан суратга олинган “Қор ёғмоқда оппоқ қор...” бадиий фильмининг ёпиқ намойиши билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ходимлари, киноижодкорлар, таниқли кинорежиссёрлар, киношунослар, давлат ва хусусий киностудиялар, ОАВ вакиллари, журналистлар, блоггерлар иштирок этишди.

    Матбуот анжуманини “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фурқат Зокиров очиб берди. Шундан сўнг Агентлик Бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан миллий кинематография санъатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида, “Республика Кинопрокат маркази” Дук директори Маъруф Мухторов “Канн-2019 кинофестивалининг якунлари” тўғрисида, Агентлик бошқарма бошлиги Олим Давлатов “Қор ёғмоқда оппоқ қор...” бадиий фильмининг тўғрисида маъруза қилишди. Улар ўз нутқида давлатимиз томонидан кинематографияни ривожлантиришга берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.

       Дарҳақиқат, ўзбек киноси ривожланишнинг янги палласига кириб, замон билан ҳамнафас илгарилаб бориши учун қатор ишлар амалга оширилди.

         “Ўзбеккино” Миллий агентлиги 72-халқаро Канн кинофестивали доирасида бўлиб ўтган “Marce du Film”  кинобозорида 50 та турли жанрдаги тўлиқ метражли, хужжатли ва анимацион фильмларини тақдим этди. Ушбу кинобозор ташкил этилганининг 60 йиллик санасида ўзбек кинофильмлар стендининг иш бошлагани инсонда бу бошланган ишнинг хайрли бўлишига умид уйғотади.  “Marce du Film” кинобозори ўзбек кино санъати салоҳиятини тарғиб қилишда, дунё миқёсида иш олиб борадиган кинодистрибьютер, продюсерлар ва кинокомпаниялар билан ўзаро манфаатли шартномалар тузишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Кинобозор ўзбек киноси учун янги имкониятлар эшигини очди. Халқаро кинобозор иштирокчилари бизни таниди, биз эса ўз навбатида киносаноатининг қонун-қоидалари ва талабларини айнан мана шундай тадбирларда иштирок этибгина кўриш, билиш, ўрганишга муваффақ бўлдик. Буюк Британия, Германия, Корея, Америка, Ироқ, Ҳиндистон, Эстония, Украина, Эрон каби давлатларнинг кино дистрибьютерлари ўзбек томони тақдим этган “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Исломхўжа”, “Иссиқ нон”, “Сарвқомат дилбарим”, “Тинчлик ортида”, “101 рейс”, “Сабот” ва “Ҳаёт” каби картиналарга эътибор қаратишди. Ҳар бир давлат, миллатнинг кино ишлаб чиқариш, кино кўриш борасида ўз диди, ўз қарашлари бор. Лекин ана шу катта танлов, марду-майдон ичида ҳам, бизнинг фильмларни танловчилар топилди. Бу фильмларни ўз мамлакатларида намойиш этиш учун қатор музокаралар ўтказилди ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

 “Қор ёғмоқда, оппоқ қор...” номли тўлиқ метражли бадиий фильм

       Мазкур фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ёшлар ижодий тажриба студияси” ДУК томонидан суратга олинган.

        Фильм қиш фаслида тавирга туширилган... Ёшликнинг оппоқ орзулари ҳам, умрнинг поёни ҳам шу қишга, паға-паға ёғаётган қорга қиёсланади. Бу, оддий инсоний муносабатлар ҳақидаги маҳзун ҳикоядир.

        Фильм қаҳрамони Обид ота кексайганида ўзини ҳеч кимга керакмасдек ҳис қила бошлайди. Чунки фарзандлари оилалари билан шаҳарда истиқомат қилишади, Обид ота эса аёли билан қишлоқда қолган. У “умримни яшаб, ошимни ошаб бўлдим”, деб ўйлаб юрган кезлари, тўсатдан аёли Сожида ая оғриб ётиб қолади ва вафот этади. Бу мусибат уни янада букиб қўяди. Ҳатто одам ёллаб ўз жонига қасд қилишни ҳам ўйлай бошлайди. Лекин қўшни келиннинг бахтсизлиги уни бу йўлдан қайтаради. Шу келиннинг эрини ичкиликдан қайтариш, унинг болаларини оёққа турғизиш нияти уни яна яшашга, орзу қилишга ундайди...

Сценарий муаллифи – Р.Муҳаммаджонов

Постановкачи режиссёрлар – Рихсивой  Муҳаммаджонов, Музаффар Шодиев

Постановкачи оператор – Иззатилла Лутфуллаев

Постановкачи рассом – Акмал Саидов

Ролларда: Пўлат Саидқосимов, Риҳси Иброҳимова, Санжар Муҳаммадхўжаев, Матёқуб Матчонов, Ильмира Раҳимжонова б.лар

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

 

 

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech