Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

         “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгашининг 2019 йил 5 мартдаги  07/19-04-сон ҳамда  2019 йил 19 февралдаги  07/19-03-сон мажлис баёнига асосан ишлаб чиқаришга туширилган “Бухорийлар” МЧЖнинг тўлиқ метражли “Иммуноблот”, режиссёр У.Маликовнинг “Ишора” қисқа метражли  фильмларининг  кенг жамоатчилик учун тақдимоти 2019 йил 12 июль  куни соат 18:30да Алишер Навоий номидаги киносаройида ўтказилди.

Тақдимотда “Ўзбеккино” МА Бош директорининг биринчи ўринбосари Ризаев Шухрат Турсунович, Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Юлдашев Қахрамон Холдорович, марказ директори  ўринбосарлари, марказ ходимлари кўплаб кинорежиссёрлар, киноижодкорлар ва мухлислар иштирок этди.

      “Иммуноблот”    фильми ёш  кинорежиссёр Истам Содиқов томонидан суратга олинган  бўлиб, асосий мавзу  бугунги кунда инсониятнинг глобал муаммоси булган ОИТС ва унинг зарарли оқибатлари,    бу касалликнинг инсонлар ҳаётига салбий таъсири   ҳақида ҳикоя қилади.

       Фильм ноанъанавий усулда бошланади. Бош қахрамон ёш йигит тоғасидан қарз олиб уйланади. Лекин тўйдан оз вақт ўтиб, тоғаси қарз олинган пулни талаб қилади. Аросатда қолган  йигит яъни Эркин  нима қилишини билмай қолади. Пул топиш мақсадида тирикчиликнинг минг бир кўчасига киради. Отасиз ўсган йигит  етарлича пул тополмайди. Тоғаси уни карзга пул олишга мажбур қилади. Қарзга пул берган киши унинг уйини гаров сифатида олиб қўяди.

       Худди шу пайтда  Эркин  хорижга бориб  ишлаб, анчагина бойлик тўплаб келган  - Гулноз билан танишиб колади. Гулноз унинг мақсадини билиб, бир шарт билан  пул беришини айтади...     

       Томошабинни мулоҳаза юритишга ва ҳушёрликка чорлайдиган жиҳатлари билан бу фильм ўзбек киночилигида ўзига хос янгилик бўлди десак адашмаймиз. Воқеалар ривожидаги кетма-кетлик, ҳаётий ҳодисаларнинг аниқ ва ишончли тасвирланиши, актёрлар ижроси ва режиссураси  – томошабинга маъқул келади, деб уйлаймиз.

Бадиий раҳбар – Улуғбек Абдуллаев

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр – Истам Содиқов                    Постановкачи оператор – Ислом Нуриллаев

Монтаж режиссёри - Муслимбек Ризо

Овоз операторлари - Нуриддин Сафаров, Юрий Исмаилов                 Грим устаси - Нурали Турдиев

Бош ролларда - Холмурод Саидов, Машҳура Зулфиқорова, Маржона Ўлжаева, Махтоб Ҳасанова

 

        “Ишора”  қисқа метражли бадиий фильми “Инсон” киностудиясида суратга олинган. Фильмдаги Шокир ўқимишли, замонавий йигит. Аммо у сўнгги пайтларда кўп пул топиш илинжида яқинларидан узоқда, мамлакат ташқарисида турли юмушларни бажариб кун кечирарди. Кунларнинг бирида унинг ҳаётида содир бўлган воқеалар унга ҳақиқий ўрни қаерда эканлигига ишора қилади ва бу ишора орқали Шокир ўз оиласининг қадрига етишни, хатолари сабабини тушуниб етади. Бунга унинг турмуш ўртоғи Насиба ҳамда шифокор тоғаси ёрдам беради.   Мазкур қисқа метражли фильмда ёшларни огоҳликка чорлаш, турли юқумли касалликлар, хусусан ОИВга чалинишдан ва бунинг оқибатида қандай жиддий асоратлар келиб чиқиши мумкинлиги ва шу билан бирга, бахтни узоқдан эмас, ўз яқинлари, ўз маконидан топиш кераклиги ҳақида ҳикоя қилинади.

           Сценарий муаллифи - Дилфуза Турдибоева

           Бадиий раҳбар – Александр Гамиров

Постановкачи режиссёр – Умид Маликов

Постановкачи оператор – Шавкат Сапашев

Постановкачи рассом – Турсунбой Даминов

Режиссер - Муаттар Мирреджабова

           Грим бўйича рассом - Галина Иванова. 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech