Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Қўқон шамоли” бадиий фильми премьерасининг

ПРЕСС-РЕЛИЗИ

2019 йил 19 декабрь, соат 18:00

    19 декабрь соат 18.00 да Алишер Навоий номидаги киносаройда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Қўқон шамоли” тарихий фильмининг очиқ премьераси бўлиб ўтди. Бу галги премьеранинг анчайин ўзгача ўтказилгани эътиборга молик. Премъерадан аввал киносаройнинг олд майдонида картина воқеалари бўлиб ўтган замон муҳитини томошабинлар кўз олдида гавдалантириш учун декорациялар қурилиб, фильмнинг умумий манзараси яратилди. Суратга олишда ишлатилган реквизитлар: қўқон аравалар, ўтовлар, тарихий либослар барчани хонликлар даврига олиб кирди. Бир оздан сўнг майдонда фильм қаҳрамонлари образида актёрлар пайдо бўлиб, улар билан “selfi-party” шоуси ўтказилди. Фестивал давомидаги турли викториналар, баҳру байтлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади. Викторинада ғолиб бўлган иштирокчилар премьерага билетларни қўлга киритишди. Айниқса, фильмдан қисқа лавҳаларнинг жонли тарзда ижро этилгани атрофдаги томошабинларга жуда манзур келди.

    Айни шундай хушкайфият давом этаётган бир паллада дафъатан ноғора ва довуллар чалиниб, майдонга тарихий-ҳарбий мусиқа садолари остида Умархон ва Нодирабегим бошчилигида отлиқлар кириб келди. Саф бошида келаётган Умархон от устида турганча фильмда айтилган монологини ўқиб берди. Шундан сўнг фестивал иштирокчилари тарихий образларнинг либосларини кийиб, суратга тушишди ва #Қўқоншамолиқаҳрамониман ҳештеги билан ижтимоий тармоқларга жойлаштиришди. Фестивал якунидаги лазер шоудан сўнг фестивал иштирокчилари киносаройга таклиф этилди. Аввалги премьералардан фарқли, томошабинлар ўринларига жойлашишлари билан экранда “Қўқон шамоли” бадиий фильмининг намойиши бошланди. Бир ярим соатга яқин давом этган фильм премьераси давомида томошабинларнинг нигоҳи катта экрандан узилмагани уларда қизиқиш билан бирга, турли саволларнинг ҳам пайдо бўлганидан дарак беради. Фильм тугагандан сўнг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқди. Шундан сўнг “Қўқон шамоли” киноижодкорлари бирин-кетин саҳнага чиқиб келишди. Ва томошабинларга бирма-бир таништирилди. “Қўқон шамоли” тарихий фильми “Дилшоҳ медиа” киностудияси раҳбари, продюсер Маҳмуд Эркабоев ва режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган. Унда Қўқон хонлигининг ХVIII аср охири — ХIХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий муҳити, ўша давр чигалликлари, Алишер Навоий яратган Ҳирот адабий муҳитидан кейинги ҳодиса сифатида эътироф этилган Қўқон адабий муҳити ва Амирий тахаллуси билан ижод қилган Амир Умархон ҳамда унинг аёли бетакрор шоира – Нодирабегимнинг ҳаёти ёритилади. Фильмда Нодирабегим ролини ёш актриса Райҳон Асатова, Амир Умархон ролини актёр Илҳом Бердиев, Олимхон ролини эса актёр Бобур Йўлдошев ижро этган.  Маълумот учун: Фильмдаги Нодирабегим роли учун элликдан ортиқ, Амир Умархон роли учун ўттиздан ортиқ, Амир Олимхон роли учун эса ўттизга яқин актёр ва актрисалар кастинг топширган эди.

 “Қўқон шамоли” тарихий бадиий фильмининг намойиши томошабинларни яна бир бор ўтмиш саҳнасига олиб кирди десак муболаға бўлмайди. Қўқон хонлигининг XVIII аср охири — XIX аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда адабий муҳити, ўша давр чигалликлари, Қўқон хони Умархон ҳамда шоира Нодирабегим ҳаётидан олинган тарихий жараёнларга режиссёр томонидан берилган бадиийлик киномухлисларни бефарқ қолдирмади. Ушбу фильмни томоша қилар экансиз, тарихнинг қонли кунлари режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан моҳирлик билан ифодаланганининг гувоҳи бўласиз.

Эндиликда катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Қўқон шамоли”ни юртимизнинг барча кинотеатрларида томоша қилишингиз мумкин!

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech