04.09.2021

Ўзбекистонлик ёшлар ВГИКда ўқиш учун юборилди

Ўзбекистонлик ёшлар ВГИКда ўқиш учун юборилди
 
Бутунроссия давлат кинематография институтида янги ўқув йилига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди (https://telegra.ph/VGIK-09-04). 

Байрамда ВГИКга ўқишга кирган 22 нафар ўзбекистонлик ёшлар ҳам иштирок этишди. ВГИК 1979 йилдан буён илк маротаба актёрлик устахонасига ўзбекистонлик талабаларни жалб қилди. Ёшлар 4 йил мобайнида "Майсаранинг иши", «Ибрат», «Барон» ва бошқа фильмлари билан Ўзбекистонда машҳур бўлган Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Махмудов устахонасида академик амалиётни ўтайди. Бугун кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ёшларнинг барчаси ВГИК ректори Владимир Малишев ва институт маъмурияти вакиллари билан танишдилар.
 
«Ниҳоят, кинематографик таълим соҳасидаги Ўзбекистон ва Россия ўртасида йўқолган алоқалар тикланмоқда. Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар ВГИК деворлари ичида кино асосларини, актёрлик ва режиссёрлик маҳоратини ўрганаётганидан бахтиёрман. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади, - деди ВГИК ректори Владимир Малишев.
 
ВГИК талабалари учун ўтказилган маросимда Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам иштирок этди: 
– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўзбекистонлик талабаларни ўқитишни ташкиллаштириш, шунингдек, Тошкент шаҳрида ВГИКнинг филиалини очиш ташаббуси шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга тегишли, – дея таъкидлади Агентлиги бош директори. – Мисол учун, Президент ВГИК филиалини очиш ҳақидаги қарорга айнан байрам кунлари арафасида  имзо чекди. Бу мамлакатимиз кинематографияси вакиллари учун яна бир ажойиб янгилик бўлди. Биз ВГИК раҳбарияти билан институт филиалининг очилиш маросимини шу йилнинг 28 сентябридан 3 октябригача бўлиб ўтадиган "Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказишга келишиб олдик.

 

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари – кинокомпаниялар ва киностудияларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали ижодий кадрлар тайёрлаш, шунингдек, кинематография соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат бўлади. Филиалнинг биринчи талабалари 2021/2022 ўқув йилида қабул қилинади. Филиал битирувчилари Россия дипломига эга бўладилар ва у Ўзбекистонда ҳам амал қилади. Ўзбекистонлик талабаларни ўқитиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан қопланади. Ўқиш якунланганидан сўнг, томонлар ўртасидаги келишувга кўра, ёшлар Ўзбекистонга қайтишади ва кинематография соҳасидаги фаолиятини ўз мамлакатларида давом эттиришади. Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, ўтган йили Москвадаги ВГИКга 7 нафар талаба ўқишга қабул қилинган бўлса, бу йил уларнинг сони 22 тага етган. Жорий йил яна беш киши учун қўшимча жойлар очилади. Шу билан бирга, авиапарвоз, ўқиш ва ётоқхона харажатларини Ўзбекистон ва Россия томони қоплайди. Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги 2019 йил декабрь ойида ўзбек киноижодкорларини университет базасида ўқитиш тўғрисида ВГИК билан шартнома имзолагани ҳақида хабар берган эди.

 

Бошқа янгиликлар
19.10.2021 "Озод қушлар" альманах фильм намойиши бўлиб ўтади

"Озод қушлар" альманах фильм намойиши бўлиб ўтади Бугун соат 18:00 да Ёшлар ижод саройида ташкил эт...

17.10.2021 “Тутқунлик” фильмининг махсус намойиши бўлиб ўтади Бугун соат 18:00 да Ёшлар ижод саройида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Тутқунлик» бадиий фильмининг ОАВ вакиллари, ижодкорлар ва ёшлар учун махсус намойиши бўлиб ўтади. Ф

“Тутқунлик” фильмининг махсус намойиши бўлиб ўтади Бугун соат 18:00 да Ёшлар ижод саройида  Кинемат...

15.10.2021 “Бир кунлик тўй” комедиясининг махсус намойиши бўлиб ўтди

“Бир кунлик тўй” комедиясининг махсус намойиши бўлиб ўтди Кеча Ёшлар ижод саройида Кинематография а...