• Бош саҳифа
  • Янгиликлар
  • Ўзбекистонда Амерсфорт концлагеридаги ўзбек асирлари қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм суратга олинмоқда
29.01.2020

Ўзбекистонда Амерсфорт концлагеридаги ўзбек асирлари қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм суратга олинмоқда

Самарқандда Иккинчи Жаҳон уруши даврида юз берган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли киноасарни суратга олиш ишлари бошланди. 
Мазкур фильм 1941 йилда Смоленск остонасида асир тушган ва Голландиянинг Амерсфорт концлагерига жўнатилган 101 нафар ўзбек ўғлони ҳақида ҳикоя қилади. Йигитларни нацистларнинг ғоявий раҳнамоларидан бири ¬ -  Геббельснинг шахсий топшириғига биноан, немис аскарлари “ёввойи халқлар” билан қандай курашаётгани ҳақидаги тарғибот фильмини суратга олиш учун тайёрлашади. Гитлернинг Совет Иттифоқини яшин тезлигида босиб олишга қаратилган режаси барбод бўлгач, ушбу асар немис аскарларининг тушкун руҳини кўтариши, рақибларнинг “қанчалик ночор ва инсонийликдан йироқ” эканини кўрсатиши  лозим эди. 
Ана шу мақсадда нацистлар 101 нафар ўзбекистонлик асирни танлаб олишди ва уларга маълум вақт мобайнида овқат беришмади. Немисларнинг суратга олиш гуруҳи етиб келганида, очликдан силласи қуриган ўзбек асирларининг олдига битта буханкани ирғитишади. Уларнинг назарида асирлар бир бурда нон учун бир-бирини ғажишга тайёр туриши  керак эди. Аммо, ҳаммаси бошқача тус олди. Ўзбеклар нонни тенг бўлакларга тақсимлаб,  бир-бирларига узатишди. 
Немислар бундай ғазабга минишди. Асирларни роса тепкилашди, кейин эса, отиб ташлашди. Шу тариқа Геббельснинг ваҳшиёна режаси йўққа чиқди. 
 “Ўзбекистон Республикаси Президкенти Шавкат Мирзиёев  Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатимизда ўзбек халқининг  уруш йилларида кўрсатган жасоратини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини қайд этди – дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов.  – аминманки, ўзбек ва голланд кино усталариниинг ҳамкорлиги натижасида халқимизнинг миллий руҳи, ўзбек асирларининг қаҳрамонона хатти-ҳаракатлари яққол очиб берилади”.
Амерфорт лагерида ҳалок бўлган 101 йигит фронтга Самарқанд вилоятидан боргани тахмин қилинмоқда. Шу боис, “Ўзбеккино Миллий агентлиги томонидан голландиялик кинематографлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан молиялаштирилмоқда. 
“Ҳамюртларимизнинг бу жасорати ва инсонийлигини экранлаштиришга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунман, - дейди Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов. – Ёшли  ва катта авлод вакиллари аждодларимиз қанчалик қаноатли ва матонатли, миллий қадриятларимизга содиқ бўлишганини билишлари лозим. 
Суратга олинаётган фильмнинг асосий ғояси ана шу тарихий факт ёрдамида ўзбек халқининг мардлиги, тантилиги, бағрикенглигини кўрсатишан иборат. Бу тарихий воқеани голландиялик журналист Ремко Рейдинг 20 йилдан бери тадқиқ қилиб келади. У айни пайтда Ўзбекистонга ташриф буюориб, инсонпарварлик ва қаҳрамонликни тасвирловчи ушбу киноасарни суратга олиш  жараёнида иштирок этмоқда. 
“Лойиҳанинг бош мақсади урушнинг асл қаҳрамонлари хотирасига  муносиб эҳтиром кўрсатишдан иборат, - дейди голландиялик журналист Ремко Рейдинг. – Ҳамкорликдаги  изланишларимиз натижасида ушбу қаҳрамон жангчиларнинг номлари тикланиши  ва уларнинг яқинлари  топилишига астойдил умид қиламиз”.
Мазкур ҳужжатли фильмни  Разика Мергенбаева сценарийси асосида  режиссёр Шуҳрат Маҳмудов суратга олмоқда.

Бошқа янгиликлар
07.08.2020 Москвадаги Третьяков галереясида ўзбек фильмларининг намойиши бўлиб ўтади

Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Москвадаги Третьяков галереяси киномарказида ўзбек фильмларин...

06.08.2020 Тошкентда Турк дунёси ҳужжатли фильмлари фестивалини ўтказиш режалаштирилган

Жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Тошкентда Турк дунёси журналистлари Федерацияси томонидан Турк д...

06.08.2020 Ўзбек фильмлари Хитойнинг "Silk Road International Film Festival" кинофестивалида иштирок этиш учун таклиф қилинди

Ўзбек фильмлари Хитой Халқ Республикасининг нуфузли "Silk Road International Film Festival" кинофест...