• Главная
  • Новости
  • “ЎЗБЕККИНО” МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ, ЖАМОАТЧИЛИК ВА БАДИИЙ КЕНГАШЛАРИ, ЎЗБЕКИСТОН КИНОАРБОБЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИНИНГ ҚЎШМА БАЁНОТИ
25.08.2020

“ЎЗБЕККИНО” МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ, ЖАМОАТЧИЛИК ВА БАДИИЙ КЕНГАШЛАРИ, ЎЗБЕКИСТОН КИНОАРБОБЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИНИНГ ҚЎШМА БАЁНОТИ


Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзбек киносаноати соҳасида ҳам фаол амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кино соҳаси олдига қўйилган киномаҳсулотлар мазмунининг сифатини сезиларли даражада ошириш, моддий-техник базани таъминлаш, ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш, киноижодкорларнинг ижодий фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва кинопрокат тизимини ташкил этиш каби қатор вазифалар ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.

Қайд этилган масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш бўйича лойиҳа, механизм ва таклифлар 2020–2030 йилларга мўлжалланган мамлакат киносаноатини ривожлантириш концепциясидан ўрин олган.

Ушбу ҳужжат кинофорумлар, мажлис ва семинарларда бир неча бор муҳокама этилган бўлиб, уни шубҳасиз, мамлакат киносаноати вакилларининг жамоавий меҳнат маҳсули деб аташ мумкин, ҳужжатга шунингдек, миллий ва хорижий экспертларнинг таклифлари ҳам киритилган.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида кинематография соҳасини ривожлантириш концепциясини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси эълон қилинган. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакат киносаноатида сўнгги ўн йилликлар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиши шубҳасиз.

Кино ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш йўллари  муҳокамаси ОАВда кўплаб чиқишлар, ижтимоий тармоқларда фикр ва мулоҳазалар,  шарҳларга сабаб бўлди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги мамлакат кино соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳокамаларда фаол қатнашган ва қатнашаётган барчага миннатдорчилик билдиради. Шу билан бир қаторда, Бадиий ва Жамоатчилик кенгашлари фаолияти, 2020 йил бюджети ва жалб қилинган сармоялар, “Ўзбеккино”нинг 2019 ва 2020 йиллар фаолиятининг қиёсий таҳлили, 2019 йилдан жорий йилга ўтган кинолойиҳалар ва бошқа масалалар бўйича ошкора ахборот тақдим этиш зарурияти ҳақида баҳс ва мунозаралар кўпайди.

Шу ўринда, бу мунозаралар оддий одоб-ахлоқ меъёрлари чегарасидан чиқиб, унинг муаллифлари ўз нуқтаи назарларини ҳимоя қилган ҳолда, нафақат ўз мухолифларини, балки Агентликни ҳам ҳақорат қилаётганликлари, миллий кинематографияси обрўсига путур етказаётганликлари, миллионлаб кино- ва телетомошабинларнинг кино санъати арбобларига бўлган ишончни сўндираётганликларини номақбул ва ножоиз хатти-ҳаракат, деб ҳисоблаймиз.

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган асосий масала ва мавзулар таҳлилидан келиб чиқиб, “Ўзбеккино” МА мазкур вазият ва кино соҳасидаги ислоҳотлар жараёни тўғрисида қуйидагиларни маълум қилади:

1.   Кучли киносаноат – кино санъати муваффақиятининг кафолати

Айтиш жоизки, ҳеч қачон тизимли ислоҳотлар зиддият ва қарама-қаршиликларсиз кечмаган. Аслида бу – эскича ва янгича ёндашувлар кураши. Сўнгги йилларда кино саноатида боқимандачилик кайфияти   илдиз отган бўлиб, бундай фикрларни ифодаловчилар баландпарвоз гапларни дастаклаш орқали кинолойиҳаларни фақат давлат томонидан молиялаштиришни талаб қилишмоқда. Шу билан бирга, бу киноижодкорлар жамият олдида давлат маблағларига ишланган фильмларнинг кинопрокатдаги муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги учун ҳеч қандай масъулиятни зиммаларига олмайдилар.

Маълум бўлмоқдаки, кинематографиянинг амалдаги тизими архаик бўлиб, ўзини оқламаяпти, бу эса ўз навбатида туб ўзгаришларни амалга ошириш ва янги, замонавий ва самарали тизимни яратишни талаб қилмоқда.

Бу орада замонавий кино саноати жадал ривожланмоқда. Ҳозирги кунда дунё кино бозорининг умумий ҳажми йилига 100 миллиард АҚШ долларни ташкил қилади. Кино саноати соҳасида қўлга киритилган маблағларга янги кинотеатрлар қурилмоқда, энг замонавий ва махсус ускуналар сотиб олинмоқда, фильмлар бюджети оширилмоқда.

Фақат қудратли киносаноат ва рақобат муҳитини яратиш орқалигина, биз киноижодкорлар учун муносиб шарт-шароитлар яратишимиз мумкин. Бу алалоқибат, ишлаб чиқариладиган киномаҳсулот сифати ва мазмунига ижобий таъсир кўрсатади, демакки, истеъмолчилар ўртасида талабнинг ошишига ҳам олиб келади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатяптики, кинога сармоя киритиш бозор ривожланишининг энг муҳим шартларидан бўлиб турибди.

2020 йилда миллий кинони молиялаштиришга сармоядорларни жалб қилиш бўйича фаол ишлар бошланди. “Ўзбеккино” МА бу йил киносаноатга умумий ҳисобда 6 млн АҚШ доллари ва 100 млрд сўм атрофида молиявий маблағ жалб қилишни режалаштирган.

2. Ишлаб чиқарилган фильмларнинг иқтисодий таркиби

1970-80 йилларда Ўзбекистон кино саноати мамлакат иқтисодиётида энг даромадли соҳалар қаторида эди.

Латиф Файзиев, Шуҳрат Аббосов, Мелис Абзалов, Дамир Салимов, Али Ҳамроев, Элёр Эшмуҳамедов, Равил Ботиров, Учқун Назаров, Йўлдош Аъзамов, Қамара Камолова каби ўзбек кинематографиясининг буюк намоёндалари ўзбек киносининг олтин фондига кирган ва ўз вақтида ойлар давомида кинозалларни томошабин билан тўлдирган фильмларни яратишган.  Кино соҳасидан тушган даромадлар давлат иқтисодиётида муҳим тармоқ сифатида шаклланган ва  Ўзбекистон давлат бюджетининг дастлабки сатрларида бўлган. Бундай фактлар яна бир бор ўзбек киносининг нафақат юксак маънавий, тарбиявий ва ахлоқий, балки улкан иқтисодий салоҳияти  борлигидан ҳам далолат беради.

Кино санъатимиз усталарининг бебаҳо тажрибасига таянган ҳолда, биз миллий кинога нисбатан нафақат халқ муҳаббатини, балки тарихий шон-шуҳратини қайта тиклашимиз даркор. Аммо кучли кино саноатини ва кенг миқёсли ислоҳотларни шакллантирмай туриб, қилинган барча ҳаракатлар ўттиз йилдирки, самарасиз натижаларга олиб келмоқда.

Масалан, 2019 йилда умумий бюджети 16 млрд сўм бўлган 8 та бадиий фильм ишлаб чиқарилди, бироқ бу фильмларнинг кинотеатрдаги намойишидан келиб тушган даромад ушбу маблағнинг 1,5 % улушига тўғри келди. Бир неча миллиард сўмлик давлат томонидан ажратилган маблағга ишланган кўплаб фильмлар ижараси Алишер Навоий номидаги кино саройида 2-3 кундан узоқ муддатга чўзилмагани томошабинлар қизиқиш даражасининг пастлигига яққол намуна бўла олади. Агентлик ушбу ҳолатни номақбул ва самарасиз деб ҳисоблайди.

Ижтимоий тармоқларда ўтказилган, 10 минг киши иштирок этган сўровнома шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг катта қисми (78,8%) “Ўзбеккино” МАнинг давлат бюджетига (солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобига)  ишланган фильмлар  кинопрокатдан фойда келтириши лозимлиги ҳақидаги нуқтаи назарини қўллаб-қувватлайдилар.

Бугунги кунда “Ўзбеккино” МА солиқ тўловчилар талабларига мувофиқ келадиган, энг муҳими, киноижодкорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирадиган сифатли ва даромадли киномаҳсулот яратиш устида ишламоқда. Ўзбек фильмларининг мазмун-моҳияти ва маънавий даражаси унинг оммалашувини тўхтатувчи омил эмас, балки муваффақиятли кинопрокатнинг асосий мезони ва кафолати бўлиши керак.

Шу муносабат билан Агентлик киноижодкорларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда, бу эса меҳнатнинг якуний натижаси, яъни яратилган фильм томошабин меҳрини қозониши билан баҳоланади.

Шу билан бирга, “Ўзбеккино” фестиваль фильмларини яратишни қўллаб-қувватлайди ва бу мақсадлар учун алоҳида молиявий маблағлар ажратади.

3. Коррупцияга қарши механизмларни яратиш

Жорий йилнинг май ойида “Ўзбеккино” МА қошида Жамоатчилик кенгаши тузилди, унинг таркибига киносаноат соҳасининг таниқли вакиллари ва экспертлари кирдилар. Жамоатчилик кенгаши фильм яратишга йўналтирилган йирик смета ва харажатларни ўрганиш билан фаол шуғулланиб, мақсадсиз сарфланаётган харажатларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритади.

Жамоатчилик кенгаши ўз мажлисларида Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармасининг ҳисоботини икки маротаба кўриб чиқди. Бошқарма  жорий йилнинг июнь ойида 2017-2019 йилларда давлат томонидан ажратилган маблағларнинг ишлатилишини ўрганиб чиқиб, 17 млрд сўм миқдоридаги маблағ мақсадга хилоф ва ноўрин ишлатилган ҳолатларни аниқлади. Ҳозирда ушбу материаллар Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда. Жамоатчилик кенгаши томонидан “Кино соҳасида коррупцияга қарши кураш” дастури қабул қилинди.

“Ўзбеккино” МА ажратилаётган маблағларнинг юқори бюджетли мураккаб кинофильмларни яратиш учун бир доирадаги компаниялар ва режиссёрлар ўртасида тақсимланиши каби узоқ йиллар давом этган зарарли амалиётга  қарши. Бундай ёндашув киноижодкорлар ўртасидаги соғлом рақобатга ҳалокатли таъсир кўрсатди. Шу муносабат билан эндиликда аксарият кинолойиҳаларнинг сценарий буюртмалари ижодий рақобат асосида танлаб олинади.

4. Шаффофлик ва очиқлик

Давлат сиёсатидаги очиқлик ва шаффофликни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришнинг замонавий шакллари жорий этилди.

ОАВ вакиллари, жамоатчилик ва киноижодкорлар иштирокидаги ўнлаб брифинглар, учрашув ва анжуманлар ўтказилди, уларда киносаноат муаммолари очиқ муҳокама қилинди, шу қаторда янги Концепция лойиҳаси бўйича таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди.

“Ўзбеккино” МА таркибида “Киномедиаклуб” ташкил этилган бўлиб, таниқли журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари унинг аъзолари қаторига кирганлар. “Ўзбеккино” тарихида илк бор ОАВ вакиллари ва медиа-жамоатчилик фильм ишлаб чиқариш учун давлат томонидан ажратиладиган маблағлар тўғрисида хабардор қилинди. Кинотақдимотларда фильмни суратга олган ижодий гуруҳнинг журналистлар ва жамоатчиликнинг саволларига жавоб бериш ва кинотақдимот таркибий қисмини муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

“Ўзбеккино” МА қошида кино соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш, қолаверса, миллий кино маҳсулотларни халқаро кино бозорига олиб чиқишда кўмаклашиш учун Халқаро экспертлар кенгаши ташкил этилди.

5. 2019 йилдан 2020 йилга ўтган кинолойиҳалар устида ишлаш

Жорий йил май ойида “Ўзбеккино” қошидаги Бадиий кенгаш таркиби янгиланди. Ташкил этилган комиссия давлат маблағлари ҳисобидан суратга олинаётган барча жорий кинолойиҳаларнинг тўлиқ инвентаризациясини ўтказди.

2019 йилдан 2020 йилга 16 та киномаҳсулотлар ўтган. Ушбу киномаҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича нафақат асосий ишлар, балки уларни бюджетдан молиялаштириш ҳам жорий йилга тўғри келди. Шунингдек, уларнинг бадиийлик даражасини ва кинопрокат муваффақиятини ошириш учун “Ўзбеккино” МАда ушбу кинолойиҳалар таркибий қисмини мукаммаллаштириш юзасидан қўшимча ишлар олиб борилмоқда.

Мисол учун, “Илҳақ” фильмига қўшимча ҳарбий саҳналар киритилди, бу эса жорий йилнинг февраль ойида Беларусда қўшимча суратга олиш ишларини амалга ошириш эҳтиёжини туғдирди. Бу мақсадларга Ўзбекистон ҳукумати томонидан 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча маблағ йўналтирилди.

“Барон 2” фильмини такомиллаштириш учун “Ўзбеккино” МА томонидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида хориж сармояси жалб қилинди ва Россиянинг “Инферно” кинокомпанияси билан фильмни ҳамкорликда ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоланди.

Жиззах вилояти ҳокимияти томонидан шоир Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфия ҳақидаги “Муҳаббат баҳори” фильмининг таркибий қисмини тубдан такомиллаштириш учун зарур бўлган 12 та қўшимча саҳнани яратишга йўналтирилган 2 млрд сўм миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.

Умумий бюджети 5 млрд 367 млн сўм бўлган “Эврилиш” фильмини якунига етказиш учун “Ўзбеккино” МА киритган ҳиссаси 3 млрд 220 млн сўмни ташкил қилди.

Шу билан бир қаторда шу кунларда 2019 йилда бошланган “Ибрат”, “101 рейс” ва бошқа бир қатор кинокартиналарнинг таркибий қисмини такомиллаштириш ва суратга олиш жараёнларини якунига етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, 2019 йилдан ўтган 16 лойиҳадан 12 таси  фаол ишлаб чиқариш жараёнида бўлиб турибди.

Бошқача айтганда, 2019 йилдан 2020 йилга ўтган ҳар битта фильм – бу “Ўзбеккино” Миллий агентлиги мутахассислари ва кўп сонли киноижодкорларнинг меҳнати, шунингдек катта бюджет ва сармоя маблағлари самарасидир.

        Шу қаторда, 2019 йилда Бадиий кенгаш кинолойиҳаларни агентликнинг молиявий имкониятларини ҳисобга олмаган ҳолда тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилгани аниқланди. Мисол учун, 2019 йилда кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун давлат томонидан ажратилган 56 млрд сўм миқдоридаги бюджетдан ташқари қўшимча 43 та кинолойиҳа тасдиқланиши оқибатида 91,8 млрд сўмлик молиявий мажбуриятлар ҳосил бўлган.

Ушбу лойиҳалар, аксарияти амалга оширилмаган, бюджет томонидан молиявий таъминланмаган ҳолда 2020 йилга ўтган.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда давлат томонидан ажратилган бюджет маблағлари ҳам 56 млрд сўмни ташкил этади, бу маблағ “Ўзбеккино”га биринчи навбатда давлат буюртмаси бўйича ишланадиган киномаҳсулотларни молиялаштириш учун тақдим қилинган.

Шундай қилиб, 2019 йил ишлаб чиқарувчилари олдида катта қарздорлик юзага келган ва 2020 йилда ҳисоб-китоби босқичма-босқич амалга оширилаётган янги лойиҳаларни ишга туширишда қийинчиликлар пайдо бўлди.

2019 йилдан 2020 йилга ўтган фильмлар қаторида “Ибрат”, “Фариданинг икки минг қўшиғи”, “Тенгиз”, “Рангсиз тушлар”, “Танҳо қайиқ”, “Мерос”, “Муҳаббат баҳори”, “101-рейс”, “Эврилиш”, “Ҳайрат”, “Орзулар қанотида”, “Йўлбарснинг туғилиши”, “Барон-2” (қўшма маҳсулот) картиналари бор.

6. 2020 йилнинг янги лойиҳалари

Жорий йилда киносаноатга таъсир ўтказган жиддий сабаблардан бири Covid-19 пандемияси, шунингдек, у билан боғлиқ карантин чора-тадбирлари бўлди.

Ўзбекистонда, худди бутун дунёда бўлганидек, баъзи алоҳида ҳолатларни ҳисобга олмаганда, миллий ва халқаро кинолойиҳалар ишлаб чиқарилиши тўхтатилди. Бу фактлар жорий йилда янги кинолойиҳаларни тақдим этишни тўхтатиб турган асосий сабаблардандир.

Шунга қарамай, “Ўзбеккино” хусусий ва хорижий сармояларни жалб қилган ҳолда, бир қатор кинолойиҳаларни амалга оширмоқда. Бунинг яққол намунаси сифатида ўзбек аскарларининг фашист концлагерида кўрсатган жасорати ҳақидаги “101” бадиий фильмининг яратилиши ва тақдимотини қайд этиш мумкин.

Ҳамкорлар маблағлари жалб қилиниб ишланган қўшма лойиҳалар қаторида “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, “Ўзбекча ажрашиш”, “Шапатилло ва қизил сумкача”, “Мен террорчи эмасман”, “Сумбул” фильмлари бор.

Мамлакат ёшлар аудиторияси талабларини инобатга олган ҳолда, “Ишқ изтироби”, “Ишқ ва андуҳ”, “Қайтиш”, “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?”, “Менинг дунёим”, “Лола, Қуёш ва мен”, “Миллионер куёв”  каби фильмлар тайёрланмоқда.

         “Ўзбеккино” тарихида илк бор “Ўзбеккино” МА томонидан аввал яратилган ва ишлаб чиқарилган юқори бюджетли картиналар асосида  10 га яқин киносериаллар яратиш ва телеканалларда намойиш этиш режалаштирилмоқда, улар орасида  “Муҳаббат баҳори”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Қўқон шамоли”, “Маҳалладошлар”, “Ишқ ва андуҳ”, “Аёл қисмати” фильмлари бор. Маданият вазирлиги ташаббуси билан ва “Ўзбеккино” иштирокида яратилаётган йилнинг энг кутилаётган тақдимоти  — “Менман Жалолиддин” сериали  теленамойиш учун тайёрланмоқда.

Бундан ташқари 2021 йилда режалаштирилган фильмлар бўйича ишлар бошланган. “Маҳалладошлар”, “Аёл қисмати”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Қўқон шамоли”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, “Муҳаббат баҳори” бадиий фильмлари , “Буюк Темур ва донна Мария” тарихий драмаси, “Абдулла Қодирий” тарихий-биографик драмаси, “Тутқунлик” экшн-драмаси, “Ҳотамтой”, “Аёл қисмати” бадиий фильмлари, “Фидоий” экшн-триллери, “Сардоба” драмаси, “Ажал дараси” триллери, “Сакура ифори” тарихий драмаси (Япония билан ҳамкорликда), “Баҳром Иброҳимов” биографик драмаси, “Юксакликка интилиб” мелодрамаси, “Йўқликка йўл” драмаси шу жумладандир. 2019 йилги тажрибадан фарқли равишда эндиликда кинолойиҳа устида иш бошлашдан аввал унинг иқтисодий жиҳатлари, ҳамкор ва ҳомийлар бўйича ишлар синчковлик билан ўрганилади.

Буюк аждодларимиз хизматларига бағишланган фильмлар, жумладан, “Алишер Навоий” бадиий-публицистик фильми, “Йиллар армони” (Абдулла Орипов) биографик драмаси, “Сўнгги дарвеш”, “Муқимий”,  “Чўлпон” тарихий-биографик драмалари ва бошқа картиналар тайёрланмоқда.

Шунингдек, вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда қуйидаги кинокартиналарни яратиш режалаштирилган: “Водий арслони” ҳарбий-ватанпарварлик драмаси , “Паҳлавон Маҳмуд” тарихий-биографик драмаси, “Шароф Рашидов” биографик драмаси,   “Ҳалима Худойбердиева” тарихий-биографик драмаси,   “Сармишсой синоати” тарихий фильми, “Эдиге”,  “Широқ”,  “Абдухолиқ Ғиждувоний” тарихий драмалари, “Фитрат” тарихий-биографик драмаси,   “Ҳабиба Охунова” биографик драмаси, “Чустий”, “Ҳаёсиз аср” драмалари ва бошқалар.    

7. ТВ ва кинонинг ўзаро яқинлашуви

“Ўзбеккино” МА кино ва телевидениенинг яқинлашуви даври келганлигига қатъий ишонади. 

Кенг аудиторияни турли йилларда яратилган энг яхши маҳаллий фильмлар билан таништириш, шунингдек, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ карантин чора-тадбирларига риоя қилинган  даврда Ўзбекистон аҳолисининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 40 та миллий ва вилоят телеканалларида 300 та фильм намойиш этилди.

Миллий кино ишлаб чиқаришнинг асосий муаммоларидан бири миллий телесериалларни яратиш тизимли асосга қўйилмаганидир. “Ўзбеккино” ҳукумат кўмаги билан, миллий телеканаллар ҳамкорлигида ўзбек маҳаллалари ҳаёти, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти, ёшлар ҳаёти ва бошқа мавзуларда қатор телесериаллар суратга олишни режалаштирган.

8. Ҳужжатли кинони ривожлантириш

“Ўзбеккино” МА ҳужжатли фильмларни кино санъатининг энг ёрқин турларидан бири сифатида ривожлантиришни, шу жумладан, маҳаллий кинохроника мактабининг тарихий шон-шуҳратини тиклашни ният қилган. Ҳарбий кинохроника кадрлари асосида яратилган “Халқ жасорати” фильми йилнинг ёрқин тақдимотига айланди. Шу билан бир қаторда,  2020 йилда кинохроника студияси Сардоба, COVID-19 ва бошқа фожиалар ҳақидаги тарихий-хроникал фильмларни суратга олиш ишларини бошлаб юборди.

Тизимда эскирган шакллардан тубдан фарқ қилувчи замонавий ҳужжатли фильмнинг янги йўналиши жорий этилмоқда.

2020 йилда умумий қиймати 8 млрд сўмлик 30 та ҳужжатли фильм ишлаб чиқарилиши режалаштирилган, шу ўринда 2019 йилда 2 млрд сўм маблағ ҳисобига 13 та фильм ишлаб чиқарилганини қайд этиш жоиз.

Бундан ташқари, қўшимча инвестиция жалб қилган ҳолда, 5,5 млрд сўмлик 20 та фильм яратиш режалаштирилган.

“Ўзбеккино” МА ишлаб чиқариш жараёнида жами 13,5 миллиард сўм бюджетли 50 та ҳужжатли фильмлар мавжуд.

 

9. Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш

Туб ўзгаришлар ёшлар студиясининг фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди. “Ўзбеккино” қошида ҳомийлар маблағлари ҳисобига 150 ўринли ёшлар кинолабораторияси ташкил этилди. Ҳукумат томонидан асбоб-ускуна ва жиҳозлар хариди учун 671 млн сўм маблағ ажратилди.

Фильмлар ва сериаллар ишлаб чиқариш учун Ёшлар ижодий-тажриба студиясига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети ҳисобидан қўшимча 5 млрд сўм маблағ ажратилди.

Кинолабораторияда ёш киноижодкорлар семинарлар, ўқув машғулотлари ўтказадилар, киномаҳсулотларни томоша қиладилар ва ўз меҳнат маҳсулларини яратадилар. 6 нафар ёш мутахассис тажриба орттириш учун “Мосфильм”га уч ойлик пуллик ўқишга жўнатилди.

“Ўзбеккино” қошидаги Ёшлар студияси томонидан 2019 йилда умумий қиймати 1 млрд 457 млн сўмлик 13 та қисқа метражли фильм, 1 та бадиий фильм ва 5 та “Зумраша” киножурнали сони яратилган.

2020 йилда 5 та бадиий фильм, 1 та сериал, 2 та қисқа метражли тарихий фильм, 1 та қисқа метражли фильм ва 2 та альманах, умумий ҳисобда 25 та қисқа метражли фильм, шу қаторда 16 сюжетли  4 та  “Зумраша” киножурнали сонини яратиш учун   давлат бюджети маблағларидан 6 млрд 718 млн сўм ажратилиши, шунингдек, қўшимча 4 млрд 750 млн сўм инвестиция жалб қилиниши кўзда тутилган. Кўп фильмлар “Ўзбеккино” МАнинг янги — “Дебют” лойиҳаси шартларига мувофиқ танлов асосида саралаб олинади.

Сўнгги ўттиз йилликда илк бор ВГИК (Бутунроссия кинематография давлат институти) ва “Ўзбеккино” МА ўртасида меморандум имзоланиб, унга кўра Ўзбекистон кино соҳасининг 7 ёш мутахассиси танлов асосида ўқишга қабул қилинди. “Ўзбеккино” МА ва ВГИК ўртасида ўтказилган музокаралар натижасига кўра, ўзбекистонлик ёшларнинг 5 йиллик таҳсил учун  тўловлари Россиянинг “Россотрудничество” федерал агентлиги ҳамда агентлик маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилди.

10. Болалар учун киномаҳсулотлар

Ислоҳотлар анимация соҳасида ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, анимацион фильмлар ишлаб чиқариш концепцияси тўлиқ ўзгартирилди.  Ҳатто 2019 йилда ҳам  эскирган ва болалар аудиторияси томонидан талаб бўлмаган форматдаги анимацион киномаҳсулот ишлаб чиқаришдек деярли монополлашган тизим мавжуд эди.

2019 йилда 12 та мультфильм ишлаб чиқариш учун сарфланган умумий бюджет 4 млрд 458 млн сўмни ташкил этди, шундан 76% (3 млрд 400 млн сўм) маблағ давлат мультстудиясига йўналтирилди.

2020 йидан бошлаб “Ўзбеккино” хусусий ва ҳамкор студияларни, шунингдек, қўшимча инвестицияларни жалб қилган ҳолда, кўпсерияли мультфильмларни яратишга киришди.

2020 йилда умумий маблағи 9 миллиард сўмлик ва 50 минг долларлик 8 мультипликацион сериал яратиш режалаштирилган. Бу сумманинг 4 млрд 400 млн сўми бюджет маблағларидан, 4 млрд 600 млн сўми ва 50 минг доллари эса ҳамкорлар ва ҳомийлар ҳисобидан молиялаштирилиши мўлжалланган. “Союзмультфильм” билан “Хўжа Насриддин” мультсериалини яратиш ҳақида шартнома имзоланган.

Бу йил миллий мультқаҳрамон яратиш бўйича эълон қилинган танлов ғолиблари аниқланади.

11. Халқаро қўшма маҳсулотлар

 “Ўзбеккино” миллий агентлиги пандемия ва авиақатновлар ёпилиши туфайли мажбуран тўхтатиб қўйилган хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликдаги қўшма маҳсулот лойиҳаларини тадбиқ этишда давом этади.

Хусусан, авиақатновлар тикланиши билан Ўзбекистонда  “Пари туҳфаси” кинолойиҳасининг суратга олиш ишлари бошланади (“Ўзбеккино” ва Россиянинг “Вега” кинокомпанияси ҳамкорлигида, бунда ҳамкорлар ҳиссаси 850 минг доллар, “Ўзбеккино” ҳиссаси 1 млрд. сўм), “Барон-2” (“Инферно” компанияси билан ҳамкорликда, ҳамкорлар ҳиссаси – 500 минг доллар, “Ўзбеккино” ҳиссаси 5 млрд. 749 млн сўм), “Нон шаҳри” (“Студия Стар-Т” киностудияси билан ҳамкорликда, шериклар ҳиссаси 3 млн. доллар, “Ўзбеккино” ҳиссаси аниқлаштирилмоқда), “Сумбул” (“Татаркино” ДБУК билан ҳамкорликда, ҳамкорлар ҳиссаси 200 минг доллар, “Ўзбеккино” ҳиссаси 1 млрд. сўм) бадиий фильмлари, Глоб (Aquila Emas SDN BHD Малайзия билан ҳамкорликда, ҳамкорлар ҳиссаси 150 минг доллар, “Ўзбеккино” ҳиссаси 300 млн. сўм) телесериали, “Риога йўл” бадиий фильми (бюджет 20 миллиард сўм, ҳамкорлар ҳиссаси аниқлаштирилмоқда), “Буюк ипак йўли” (бюджет аниқлаштирилмоқда) Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлиги ҳақидаги ҳужжатли фильм (“Мир” ДТРК билан ҳамкорликда, ҳиссалар аниқлаштирилмоқда), “Ўзбекистон. Севги афсоналари-2” ҳужжатли фильмларининг 4 серияси (“Россия-Культура” телеканали учун “VIKO” компанияси билан ҳамкорликда, ҳиссалар аниқлаштирилмоқда). “Ўзбеккино” МА ва Давлат туризм қўмитаси ҳамкорлигида Франциянинг «Paris Premiere» телеканали учун Жерар Депардье бош ролни ижро этадиган “Ипак йўли” ҳужжатли фильми суратга олинди (B-Tween компанияси билан ҳамкорликда).

Шунингдек, таниқли хорижий журналист Райан Чилкот назари билан Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида 6та ҳужжатли фильм яратилиб, Американинг «СNBС» телеканалида намойиш этилди (фильмларнинг $161 200 и £11 879 маблағлари ҳомийлар томонидан қопланди.

Шу билан бирга, “Ўзбеккино” МА хорижий кинокомпанияларга қуйидаги лойиҳалар суратга олинишида хизмат кўрсатишни режалаштирмоқда: “Мистер нокаут” (Россиянинг “Кинодом” кинокомпанияси билан ҳамкорликда, фильм бюджети – 3 млн. доллар, шундан 600 минг долларини Ўзбекистонда сарфлаш мўлжалланмоқда), “Бобурийлар” вебсериали (Ҳиндистоннинг «Wingspan Entertainment» кинокомпанияси «Emmay Entertainment» иштирокида, умумий бюджети – 9 млн. доллар, шундан 1 млн. долларини Ўзбекистонда сарфлаш режалаштириляпти).

Шунингдек, “Ўзбеккино” МА муқаддам эълон қилинган бошқа халқаро лойиҳаларни давом эттириш бўйича халқаро ҳамкорлар тасдиғини кутмоқда.

12. “Ўзбекфильм” мажмуаси қайта қурилиши

Мамлакатимиз кинотармоғини қўллаб-қувватлаш мақсадида фильмлар ишлаб чиқариш бюджетларини ошириш, кинотармоқ инфратузилмасини мустаҳкамлаш учун “Ўзбекфильм” негизида кинематографчилар фаолияти учун муносиб шарт-шароит ва замонавий база яратишга кенг имкониятлар очиб берган қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Бугунги кунда “Ўзбекфильм”нинг  ишлаб чиқариш ва маъмурий биноларини капитал қайта қуришни якунлаш борасида аниқ мақсадли, кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадларда ҳукумат томонидан 88,2 млрд ажратиб бўлинди, яна қўшимча 13,2 млрд сўм маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Моддий-техник базани тубдан яхшилаш мақсадида, тендер ғолиби Даниянинг «Danmon Group» компанияси томонидан 25 млн. евролик замонавий суратга олиш-монтаж қилиш ускуна ва жиҳозларини етказиб бериш лойиҳаси 2021 йилда амалга оширилади.

Шу билан бирга “Ўзбеккино”нинг 16 гектарлик ҳудудида Ўзбекистон кинематографчилари шаҳарчасини  бунёд этиш, унда суратга олиш павильонлари, суратга олиш майдончалари ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари, Миллий киноакадемия биноси, маърифий киноканаллар, турар-жой бинолари, автотураргоҳ ва ҳоказоларни жойлаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

13. Кинотеатрлар қурилиши

2020 йил охиригача мамлакатда жами 4000 ўринли 40 кинозалли 15та кинотеатр қурилиши якунланмоқда. Мазкур объектлар қурилиши учун тадбиркорларнинг 60 млрд сўмга яқин маблағлари жалб этилганини таъкидлаш зарур. Шу билан бирга бутун дунёда фильмларнинг стриминг-платформалардаги намойиши прокати ўсиб бориши тамойили кузатилмоқда.

“Ўзбеккино” томонидан ҳокимликлар кўмагида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кино саройи, “Premier Hall” кинотеатри, Самарқанддаги “Шарқ юлдузи” ва Хоразмдаги “Худайберган Девонов” номидаги машҳур кинотеатрларни ҳокимликлар кўмаги билан тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу устивор ва истиқболли йўналиш бўлиб, “Ўзбеккино” МА томонидан давлат ва хусусий ташкилотларни шерик сифатида жалб қилган ҳолда   амалга оширилмоқда.

14.  Киноижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш

“Ўзбеккино” МА Ўзбекистон кино ижодкорларини қўллаб-қувватлаб келмокда ва келгусида ҳам қўллаб-қувватлайди.  Пандемия даврида “Ўзбеккино” МА томонидан кино соҳасининг 100 дан ортиқ кекса ходимларига ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

15. Кинофонд. Ўзбекистон кинематографиясининг маданий меросини асраш.

Aйни пайтда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошида Ўзбекистон кинофондини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Кинофонднинг янги раҳбарияти томонидан аввалги бошқарув тизимидан мерос бўлиб қолган жиддий камчиликларни - тегишли моддий-техника базаси ва ишлаб чиқариш майдонларининг йўқлиги, молиялаштиришнинг етишмаслиги, коллекцияларни тартибга соладиган маҳаллий фильмлар каталоги мавжуд эмаслиги каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган дастур ишлаб чиқилди.

Бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда, хусусан, Россия Федерацияси Давлатфильмофонди архивидаги ўзбек кинофильмларини рақамлаштиришда иштирок этиш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Таниқли меценат Aлишер Усмонов кўмаги билан 1969 йилда режиссёр Йўлдош Aъзамов томонидан суратга олинган ўзбек киноси дурдонаси "Ўткан кунлар" асарининг тўлиқ нусхасининг рақамлаштирилиши ва Ўзбекистонга қайтарилиши бунга ёрқин мисолдир.

Жорий йилда “Ўзбеккино” МА ҳомийлар ёрдами билан “Тоҳир ва Зуҳра” (1945), “Маҳаллада дув-дув гап” (1960), “Аччиқ данак” (1975), “Али бобо ва 40 қароқчи” (1980), “Келинлар қўзғолони” (1985), “Абдуллажон” (1990) юбиляр фильмларининг рақамлаштирилган кўринишдаги шакли қайтарилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, ўзбек киносининг маданий меросини оммалаштириш бўйича ишлар амалга оширилади.

2020 йилда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумида “Ўзбек киноси тарихи” китоб-альбоми, “Ўзбек киноси каталоги” услубий қўлланмалари, шунингдек, ўзбек киноси тарихи ва ривожланишининг асосий босқичлари ҳақидаги антология нашр этилади.

16. Ўзбекистон киносанъати музейи

“Ўзбеккино” МА миллий кинематографиянинг моддий-маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштиришга эътибор каратмоқда. Алишер Навоий номидаги кино саройи ертўлаларида қолиб кетган Ўзбекистон киноижодкорларининг ҳар бири учун азиз бўлган – афишалар, киноплёнкалар, кинокамералар, юзлаб экспонатларни йиғиш ва тиклаш бўйича ишлар амалга оширилди. 

Буларнинг барчаси Миллий агентлик биносида ташкил этилган “Ўзбекистон киносанъати музейи” ДМ да сақланаяпти. “Ўзбеккино” МА ўзбек киносанъатининг буюк намоёндаларини улуғлаш ва ўзбек киносининг шон-шуҳратини тиклаш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Шу мақсадда таниқли киноижодкорларни ёдга олиш саналари муносабати билан юбилей тантаналарини ўтказиш, уларнинг миллий кинематографиянинг олтин тўпламига абадий кирган асарларини асраб-авайлаш бўйича ишлар режалаштирилган.

Жумладан, Ўзбекистон халқ артистлари Хайрулла Саъдиев, Гулчеҳра Жамилова, Бахтиёр Ихтиёров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артислар Рустам Саъдуллаев, Бегзод Ҳамроев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссер-оператор Ҳамидулла Ҳасанов ва бошқа кўплаб киноижодкорларнинг юбилейларини ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, “Ўзбеккино” МА Ўзбекистон халқ артистлари Ҳикмат Латипов, Aббос Бакиров, Раззоқ Ҳамроев, Шукур Бурҳонов, Шуҳрат Аббосов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойбарчин Бакирова ва бошқаларнинг хотира кунлари ўтказишни ҳам режалаштирмоқда.

17. Ўзбекистон кинематографияси тўғрисидаги Қонун

Иқтисодий муаммолардан ташқари, миллий киносаноатимизда бир қатор институционал ва ҳуқуқий-норматив камчиликлар мавжуд.  Жумладан, ички норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллашмаганлиги, таълим сифатининг етарли эмаслиги, кинематографик меросни сақлаш бўйича изчил сиёсатнинг йўқлиги, моддий-техник базанинг пастлиги, кинопрокат имкониятларининг етишмаслиги.  Ўзбек фильмларининг танқислиги ва паст рақобатбардошлиги, кино компанияларини фильмлар сериясини яратишга жалб қилиш амалиётининг йўқлиги, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоси, чет эллик шерикларнинг Ўзбекистонда кино саноатини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида етарли даражада хабардор эмаслиги, кинофестиваллар, кино бозорлари, кўргазмалар ва бошқа тадбирларнинг мунтазам ташкил этилмаслиги.  Ушбу асосий сабаблар Ўзбекистондаги кино саноатидаги вазиятга салбий таъсир кўрсатди.

Биз Президентимизнинг 30 йилдан бери Ўзбекистон киносаноатида мавжуд бўлган эскирган ва архаик механизмлардан воз кечишга чорлайдиган "Кинематография тўғрисида" ги қонунни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳозирги кунда "Кинематография тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси устида иш олиб борувчи ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, унда киноижодкорлар иш самарадорлигини оширишнинг барча принципиал муҳим масалалари кўриб чиқилади.

18. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами нишонлашга бағишланган тадбирлар

Жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин чораларини енгиллаштиришга бағишланган йиғилишда Давлат раҳбари “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Маданият вазирлигига театр ва кинотеатрлар фаолиятини қисқа муддатда тиклаш бўйича топшириқлар берди. Бу ўзбек киноси учун хушхабар бўлди, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун “Ўзбеккино” МА томонидан “CinemaDays-2020” кино кунлари дастури тасдиқланди.

Дастурга кўра, томошабинларни нафақат ўзбек киноси билан таништириш, балки соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилиш учун мўлжалланган туркум тадбирлар режалаштирилган. Бу борада асосий бўлиб ўтадиган тадбирлар - миллий кинопремьералар тақдимоти ва янги сериаллар намойиши. Шу билан бирга, бир нечта вилоят ва туманларда янги кинотеатрларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтади. Акция доирасида вилоятлардаги Республика кинопрокат маркази филиалларига 8 та киномобиль тақдим этилади.

Қайд этиш жоизки, “Тенгиз” кинофильми премьераси Нукусда ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, “Cinema days-2020” доирасида «Кино санъати» киножурналнинг дастлабки сони ва “Ўзбеккино” нинг янги сайти тақдимоти режалаштирилган. “Дебют” қисқа метражли фильмлар учун сценарийлар танлови ғолибларига сертификатлар топшириш маросими ўтказилади ва ўзбекистонлик 7 нафар ёш киноижодкорнинг ВГИКка қабул қилингани онлайн тарзда намойиш этилади ҳамда ёшлар учун Movie party” маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтади. Шунингдек, семинарлар, тренинглар, ёшлар учун миллий кинематограф усталари билан ижодий учрашувлар ўтказилади.

“Cinema Days-2020” доирасида режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг афсонавий “Маҳаллада дув-дув гап” фильми намойиши ҳам режалаштирилган. Фильмнинг дастлабки намойиши роппа-роса 60 йил аввал, август ойида бўлиб ўтган эди. Cinema days-2020 нинг тадбир географиясини янада кенгайтирувчи ва лойиҳани халқаро миқёсга олиб чиқувчи бошқа тадбирларини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

20 август куни Москвадаги Третьяков галереяси ёзги кинотеатрида “Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари” ўзбек фильми намойиши бўлиб ўтди.

Кинематография бўйича Халқаро экспертлар кенгашининг йиғилиши ўзбек кинематографияси тарихида илк бор бундай миқёсдаги, аҳамиятли воқеа бўлиши кутилмоқда. Унда Ўзбекистон, Россия, Польша, АҚШ, Германия, Франция ва Жанубий Кореядан киноарбоблар иштирок этадилар.

Жорий йилда шунингдек, “Олтин Ҳумо” миллий мукофотининг тантанали тақдимот маросими ҳамда “Худойберган Девонов” номидаги қисқа метражли фильмлар кинофестивали ўтказилиши режалаштирилган.

***

Юқоридаги барча режаларни фақатгина кино соҳаси вакилларининг бирлашиши, кино ижодкорларининг касбига бўлган садоқати ва профессионаллиги билан амалга ошириш мумкин.

Шу билан бирга, COVID-19   пандемияси ва у билан боғлиқ чекловлар ҳам фильмларни суратга олиш жараёнларига ўзгартиришлар киритмоқда. Бироқ, биз карантин чораларининг бекор қилиниши кино ишлаб чиқариш жараёнини тезлаштиришига ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан 2020 йил учун белгиланган режалар амалга оширилишига умид қиламиз.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги кино индустриясининг барча вакилларини маҳаллий кинематография ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун юксак қадрлайди ва уларга миннатдорчилик билдиради. Умид қиламизки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз кино соҳаси ва ўзбек халқининг маданий юксалиши ва фаровонлигига хизмат қилади.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги маъмурияти, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунининг 29 йиллиги арафасида жамоат ва Бадиий кенгашлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Киноарбоблар уюшмаси барча кино ижодкорл&

Другие новости
03.09.2020 В Узбекистане будет снят фильм об урочище Сармышсай

Национальное  агентство "Узбеккино" в сотрудничестве с Государственным комитетом Республики Узбекист...

28.08.2020 Ўзбекистонда Бобурийлар ҳақида фильм суратга олинади

Куни кеча “Ўзбеккино” Миллий агентлигида Бош директор ҳамда Ҳиндистоннинг Wingspan Entertainment кин...

27.08.2020 DigiCon6 Asia-2020 халқаро қисқа метражли фильмлар фестивали учун саралаш босқичи бўлиб ўтди

Жорий йил 10-24 август кунлари “Ўзбеккино” Миллий агентлигида Япониянинг DigiCon6 Asia-2020 халқаро ...