• Бош саҳифа
  • Ёзувчи Саид Аҳмаднинг 100 йиллиги муносабати билан "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ва мамлакат телеканаллари янги махсус лойиҳани бошлади.
25.04.2019

Ёзувчи Саид Аҳмаднинг 100 йиллиги муносабати билан "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ва мамлакат телеканаллари янги махсус лойиҳани бошлади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ва мамлакат телеканаллари томонидан беш қисмли "Сабр-у садоқат" номли сериални намойиш этиш учун махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.

Киносериал 1950 йилдан 1955 йилгача ёзувчи ва унинг рафиқаси ҳаётидаги ҳақиқий воқеаларга асосланган бўлиб, унда севги ва садоқат, инсон руҳиятининг куч-қудрати ва ҳар доим яхшиликнинг ёмонлик устидан ғолиб эканлиги тараннум этилади.

“Адиблар хиёбони”нинг очилишига бағишланган тадбирда Президентимиз томонидан мумтоз адиблар ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида китоблар ва фильмлар яратиш, янги асарлар ёзиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу талабга биноан агентлик томонидан янги "Сабр-у садоқат" номли телесериал яратилди. Шубҳасиз, бу асар мамлакатимиз ёш авлодини тарбиялаш ишига муносиб хизмат қилади.

Ушбу махсус лойиҳа ҳаммамизга қадрдон «Саид билан Саида» фильмига киритилмай қолган янги саҳналар билан бойитилди. Бу томошабинлар учун Саид Аҳмаднинг 100 йиллик тўйига ҳақиқий туҳфа бўлди. Буюк ёзувчи ҳақидаги сериални суратга олиш эса Нозим Аббосовнинг эзгу орзуси эди. Эндиликда бу қутлуғ орзу рўёбга чиқадиган бўлди.

"Сабр-у садоқат" сериали жорий йилнинг 8-12 июнь кунлари "Oʻzbekiston," "Bolajon", "Oʻzbekiston tarixi", "Oilaviy", "Yoshlar", "Mahalla", "Sevimli TV", "ZO'R TV", "MY5",  "Milliy", "Uzbekistan-online.uz" телеканаллари орқали намойиш этилади.

Саид Аҳмадга сўзсиз унинг пьесалари катта шон-шараф ва машҳурлик келтирган. "Келинлар қўзғолони" комедияси шулар жумласидандир. Ушбу асар ҳам саҳнада, ҳам кинода ўз муносиб ўрнини топганидан сўнг Саид Аҳмаднинг номи ўзбек адабиёти классик намояндалари билан бир қаторда тилга олинадиган бўлди. Бинобарин Саид Аҳмаднинг бу комедияси дунёнинг 14 та мамлакатида муваффақиятли саҳналаштирилган.